Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилди

Ҳисоб палатаси ваколатли вазирлик ва идоралар қаторида,Ўзбекистон Республикасида валютани назорат қилувчи орган сифатида белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлдаги “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган, қуйидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
“Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги ва “Нотариат тўғрисида”ги Қонун билан Ҳисоб палатасига, қонун ҳужжатларига мувофиқ, биржа битими тўғрисидаги ахборот ва амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқи берилди;
• “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ҳисоб палатаси ваколатли вазирлик ва идоралар қаторида,Ўзбекистон Республикасида валютани назорат қилувчи орган сифатида белгиланди;
• “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, Ҳисоб палатасининг давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиш соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди. Жумладан, давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиш ҳажмларини ва мақсадга мувофиқлигини баҳолаш, хориждан жалб қилинган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланилиши, давлат ташқи қарзларига ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилиш; давлатнинг хориждан маблағ жалб қилиши ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ва асосланганлигини баҳолаш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар;
• “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 2152-моддасига ўзгартириш киритилди ҳамда мазкур кодекс 2456-моддаси билан тўлдирилди. Уларга асосан, Ҳисоб палатасининг кўрсатмалари ва тақдимномаларини бажаришдан бўйин товлаганликда, бажармаганликда, маълумотлар базасига киришга рухсат бермаганликда, ахборот тақдим этмаганликда, била туриб нотўғри маълумот тақдим этганлик Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, аралашганлик, унинг мансабдор шахсларининг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларини қонуний равишда бажаришига тўсқинлик қилиш мақсадида таъсир кўрсатганлиги учун мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги белгиланди; ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва баённомани кўриб чиқиш учун судга юбориш ҳуқуқи берилди;
“Ўзбекистон Республикаси бюджет кодекси”нинг 174-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган давлат молиявий назоратига аниқлик киритилди.
Жумладан,
Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари шакллантирилишини ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига уларнинг мувофиқлигини тизимли таҳлил қилишни, қабул қилинаётган давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини;
Ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадлари ва харажатлари самарадорлигини ва қонунийлигини аудитдан ўтказишни, харажатларни қисқартириш бўйича захираларни аниқлашни;
Бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлатдан қарз олиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлигини ва асослилигини баҳолашни;
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбат мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадга оид ваколатлари ва харажатларга доир мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолашни, уларнинг молиявий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлаши юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни;
Пул-кредит ва валюта сиёсатининг, Ўзбекистон Республикаси активлари ва мажбуриятлари ҳолатининг, олтин-валюта захираларини бошқаришнинг, шунингдек, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларнинг ташқи аудитини амалга ошириш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб 
палатаси матбуот хизмати

 

ЎзА