Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича омбудсман институти нимага хизмат қилади?

Парламент қуйи палатасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича Конвенциясини имплементация қилиш доирасида ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланди. Тадбирда БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция қабул қилиш бўйича ташаббуси муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди.
Йиғилишда болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил институтини жорий қилиш ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш орқали ёш авлод ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Халқаро ва хорижий тажрибага кўра болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича ихтисослаштирилган омбудсманлар фаолияти боланинг манфаати йўлида давлат бошқарувини такомиллаштиришга, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қоидаларини қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этишга, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига жамоатчилик, давлат тузилмалари, шунингдек, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларда ҳурмат даражасини оширишга кўмаклашади.
Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтининг жорий этилиши болалар ва ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Тадбир иштирокчилари ёш авлодни экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция ва “оммавий маданият” каби иллатлардан ҳимоялаш тизимини шакллантириш мақсадида болалар ва ёшлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча тузилмалар тузиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг 172-бандини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ва уларнинг халқаро экспертизасида ЮНИСЕФнинг иштирокини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА