Япония гранти томонидан жорий этилган «Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кичик миқёсдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури» грант лойиҳасига  республикамиздан қатор даволаш муассасалари иштирок этмоқда.

Яқинда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг иккинчи котиби Кадзуёси Ямагива ва кичик грантлар дастури координатори Куриа Цутаки грант лойиҳасида иштирок этиш истагини билдирган даволаш муассасаларида бўлиб, ишлар билан яқиндан таништи.

-Грант лойиҳасида иштирок этишдаги асосий мақсадимиз, Германиянинг «CariZeissMeditecAG» фирмасида ишлаб чиқарилган умумий қиймати 110 238 USD бўлган «OPMIVARIO» операция микроскопини олмоқчимиз,-дейди О.Халмуродов номидаги республика кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими раҳбари Руслан Худайберганов. –Бугунги кунда бош ва орқа мия ўсимтаси, унинг риволаниш аномолияси, ўмиртқа грижаси ва бошқа касалликларни даволашда юқорида қайд этилган микроскоп жуда зарур. Шифохонамизда ушбу ускуна бўлмагани туфайли ҳар йили 600 га яқин беморни Тошкент шаҳрига жўнатишга мажбур бўлмоқдамиз. Агар Япония гранти лойиҳаси асосида «OPMIVARIO» операция микроскопини олсак, беморларни ўзимизда даволаш имкони пайдо бўлади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида қатор ривожланган мамлакатлар, шу жумладан, Япония билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар республикамиздаги даволаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилашга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.