Мақоми ошган ўқитувчи – таълим сифатининг индикатори

Мамлакат тараққиётини ёш кадрлар белгилайди. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 9,7 минг мактабда 5,2 миллион ўқувчи таълим олади, ўқув-тарбия ва бошқарув жараёнида 450 мингдан зиёд ходим меҳнат қилади.

Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш, ўқитувчининг обрўсини ошириш – давр талаби” мавзуидаги кенгайтирилган йиғилишда мактаблардаги аҳволни яхшилаш учун нима қилиш керак, деган асосли саволга жавоб изланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда тегишли вазирлик ва идоралар олдида турган масалаларга асосий эътибор қаратилган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилганидек, кейинги йилларда ўқувчилар дарсликлар билан, компьютер синфлари эса жиҳоз ва компьютер жамланмалари билан тўлиқ таъминланмагани, таълим муассасаларининг интернет тармоғига етарли даражада уланмагани, аксарият мактабларда ўқувчилар сони сиғимига нисбатан икки баробарга кўплиги, айрим фанлардан ўқитувчилар етишмаслиги ёки мактабларда ўқитувчилар қўнимсизлигининг юқорилиги каби омиллар умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатининг кескин пасайиб кетишига олиб келди.

Шунингдек, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши сифатли ташкил этилмагани, мактабларда ҳамширалар фаолияти қониқарли йўлга қўйилмагани ҳамда ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, ота-оналар томонидан фарзандларининг таълим-тарбия эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш билан боғлиқ мажбуриятларини бажармаслиги ҳам бунга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Маълумотларга қараганда, республикадаги умумтаълим мактабларининг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда. Мактабларда интернетдан фойдаланиш атиги 7 фоизни ташкил қилади.

Айниқса, халқ таълими ходимлари ойлик маошининг пастлиги, улар ўз вазифасидан бошқа ишларга ҳам жалб қилиниб келингани натижасида ўқитувчиларнинг рейтинг кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга пасайиб борди. Йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, айрим ривожланган давлатларда ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан 1,5 баробар кўп бўлган ҳолда, Ўзбекистонда ўқитувчининг маоши ўртача ойлик маошининг 79 фоизини ташкил этиши таълим сифатига ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Ҳолбуки, мақоми ва даромади ошган ўқитувчи таълимда сифат индикатори бўла олади.

Шунингдек, умумий ўрта таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришда давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув режалар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, дарсликлар мазмунини, сифатини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш лозим. Айниқса, умумий ўрта таълим мактабларини кучли бошқарув малакасига эга бўлган раҳбарлар билан таъминлаш, ўқув-тарбиявий жараёнларни тўғри ташкил этиш, замонавий технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилиши, 2019 йил Давлат бюджети параметрларини кўриб чиқишда халқ таълими тизимига ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ушбу масала юзасидан парламент нуқтаи назаридан ёндашиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш сифатини янада юксалтиришга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мавжудларини бугунги талаблар асосида такомиллаштириш хусусида сўз юритилди. Бунда парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш асносида педагогларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, ота-оналарнинг фарзандлари таълим-тарбиясига нисбатан мажбуриятини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида жамиятда ўқитувчилар мавқеини, обрўси ҳамда уларнинг мақомини ошириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА