Мева етиштириш кўпаймоқда

Мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш, маҳаллий иқлим шароитига мос экинлар экиш, озиқ-овқат маҳсулотлари турини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё вилоятида пахта ва ғалладан ташқари мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва ҳатто, тропик экинлар етиштириш бўйича салмоқли натижаларга эришилаётир.
Ғузор туманидаги “Боймуродова Чиннигул” фермер хўжалиги жамоаси яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 5 йил аввал 3 гектар ерда боғ ташкил қилган эди. Яхши ният билан барпо этилган боғда бугун бир неча турдаги сархил олма дарахтлари тўлиқ ҳосилга кирган.
– Хўжалигимиз боғдорчиликка ихтисослашган, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Даврон Турдиев. – Ўтган йили боғимиздан мўл ҳосил олдик. Бу йил ҳам умидимиз катта. Ҳар туп дарахтдан ўртача 100 килограммдан ҳосил олишни мўлжалламоқдамиз. Маҳсулотни асосан ички бозорга сотяпмиз. Келгусида экспорт қилиш режамизда бор.
Маълумотларга кўра, 2016 йилда вилоятда 142 минг тоннадан ортиқ мева етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 150 минг тоннани ташкил этган. Бу ҳар йили боғдорчилик йўналишида янги-янги лойиҳалар йўлга қўйилаётгани, боғбонларнинг бу борадаги билим ва тажрибаси ортиб бораётгани самарасидир.

 

Ў.Баротов, ЎзА