Телекоммуникация соҳасининг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг маҳаллий мобиль оператор ва интернет-провайдерлар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. 
Учрашувда телекоммуникация тармоғидаги муаммолар, жумладан, Ўзбекистоннинг барча вилоятларида мобиль алоқа мижозларига хизмат кўрсатиш сифати ва интернет тезлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва интернетдан фойдаланиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фақат шу йилнинг ўзида халқаро интернет-каналларига уланиш тезлиги 1,5 маротабага ошди. Бу борада барча АТ-соҳаси ривожланишига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллар ичида интернет-каналлар ва IР-транспорти нархи муқобиллашди.
Тадбирда сўзга чиққан «Ўзбектелеком» АК вакиллари жорий йил сўнггига қадар халқаро интернет-каналларга уланиш нархини босқичма-босқич пасайтириш ва мавжуд ҳажмни ошириш режалаштираётганлигини маълум қилди. Маҳаллий интернет-провайдерлар учун каналлар ижарасига тарифларни пасайтириш бўйича прейскурант кўриб чиқилди, «Ўзбектелеком» АК инфратузилмаси ижараси бўйича ягона регламент ишлаб чиқилган. Ҳозирги вақтда мамлакатимизнинг ҳудудий телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, хусусан, маҳаллий тармоқ базасидан фойдаланишда оптик тармоқларни яратиш масалалари ўрганиб чиқилмоқда.
Учрашув доирасида мобиль оператор компаниялари ва интернет-провайдерлар вакиллари муҳокама қилинаётган мавзу бўйича таклифлари ва қатор масалалар бўйича фикрларини билдирди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг муҳокама натижалари бўйича оператор ва провайдерлар учун эксперт кенгашини тузиш таклиф этилди. Унинг вакили ҳар ой интернет-хизматлар соҳасида бозор муносабатларининг ривожланишини таъминлаш, шунингдек, уларнинг тармоқларини кенгайтириш учун интернет-провайдерлар томонидан ишлаб чиқилган таклифларни илгари суради.

 

Роман Бондарчук, ЎзА