Шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш доирасида “Ўзбекистоннинг ипотека бозорини кенгайтириш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Осиё тараққиёт банки билан бир ой муддатда музокаралар олиб бориш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги зиммасига юкланди.
Президентнинг жорий йилнинг 18 июлидаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ушбу жиҳат алоҳида белгиланди.
Шунингдек, қарорда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда аҳоли билан мулоқот натижаларига кўра аниқланган қўшимча уй-жой ҳажмларини шакллантириш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қўшимча арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қуришни молиялаштиришга доир таклифлар киритиш вазифаси топширилди.
2018 йил охиригача ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини молиялаштириш соҳасида халқаро молия институтлари (Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси) билан тузилган қарз битимларига ўзгартиришлар киритиш чоралари кўрилади.

 

ЎзА