Нукус халқаро аэропортида янги терминал ишга туширилди

Нукус халқаро аэропортида соатига 400 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги йўловчи терминали иш бошлади. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Б.Ҳакимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида транспорт тизимини ривожлантириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

26.JPG

Мазкур терминал йўловчиларга халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини берадиган энг замонавий техникалар билан жиҳозланган.

– Аэропортда қурилиш ишлари 2017 йил 1 май куни бошланган ва халқаро парвозлар вақтинчалик тўхтатилган эди, – дейди Нукус халқаро аэропортининг йўловчиларни ташишни ташкил қилиш хизмати бошлиғи Қ.Нуратинов. – Бугун қурилиш ишлари ниҳоясига етди ва халқаро парвозлар қайта тикланди. Ҳозирча ҳафтасига бир марта Москва – Нукус – Москва (Домодедово) йўналишида халқаро парвозлар амалга оширилмоқда. Октябрь ойидан Россиянинг “Уральские авиалинии” авиакомпанияси орқали ҳам қатновлар йўлга қўйилади.

Янги бинода авиация хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш учун замонавий муҳандислик ва технологик жиҳозлар ўрнатилган. Парвозолди назорат ва юк олиш майдонлари кенгайтирилиб, рўйхатдан ўтиш устунлари сони кўпайтирилди. Терминалда маҳаллий ва халқаро авиайўналишлар учун йўловчилар зали, она-бола хоналари, тиббиёт пункти, валюта айирбошлаш шохобчалари, сувенир дўконлари, намозхона, кафе-бар йўловчилар хизматида.

Терминал ишга туширилиши билан аэропортда туризм ваколатхонасининг маълумотлар хонаси ҳам ташкил қилинди. Бу ерда хориждан келган меҳмонларга хизмат кўрсатилади.

27.JPG

Янги терминалнинг дизайни ҳудуд иқлим шароитига, миллий хусусиятларга мос равишда ишлаб чиқилган, яъни технология, хавфсизлик ва қулайлик ўртасидаги мувозанатга эришилган. Халқаро терминалда яшил ва қизил йўлаклар мавжуд. Бу эса йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини оширади, ва, албатта, сайёҳлар ҳамда хорижий авиакомпанияларни жалб қилишга, янги йўналишлар очилишига хизмат қилади.

Хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, туристик хизматларни яхшилаш мақсадида Нукус халқаро аэропорти “очиқ осмон” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган аэропортлар сафига киритилган. Бугун Нукус халқаро аэропорти ҳар қандай русумдаги самолёт ва вертолётларни қабул қилиш имкониятига эга. Учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3 минг метр, кенглиги 45 метрдан иборат. Халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий ёритиш-сигнал ва аэронавигация ускуналари ўрнатилган.

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА