«Кекса синьора»нинг тахтидаги кекса «синьор»

"Кекса синьора"нинг тахтидаги кекса "синьор"

У доим янги ғалабалар, чўққиларни кўзлади. Бунинг учун жамоасини, муҳитни алмаштиришдан, ҳаммасини нольдан бошлашга қўрқмади. Ўзида метин ирода, куч топди. Унга футбол сирларини ўргатган клубидаги чақмоқ янглиғ ўйини ташрифи қоғозига айланди.

Унинг жамоаси билан ўртоқлик ўйинидаги ўйинини кўрган рақиб жамоа вакиллари уйга қайтар асносида буюк мураббийлари, номига “сер” унвонини эҳтиром ила қўшиб чақириладиган инсонга “Ё уни таркибга қўшасиз, ё биз кетамиз” деган хитобни билдирди. “Сер” эса уни таркибига қўшиб олишдан, жамоасидаги афсонавий ва салобатли рақамни беришдан чўчимади. Унда янги етакчини, дунё футболини ўзгартира оладиган, футбол қиролини кўрди. У эса янги қизил либосини кийиб, ундан аввал шу рақамда тўп сурган чарм тўп усталари бажармаган ишларни қилди. Шу даражага чиқдики, “Дунёнинг энг кучли клуби” деб эътироф этиладиган суперклуб ҳам у учун торлик қилиб олди. Жамоадошларидан, тўп сураётган чемпионатдан бир неча йиллар олдинга кетиб қолганди у. Ўзи учун янги чақирув, куч-қудрат бобида ҳозирги жамоасидан қолишмайдиган, яраланган шер каби оёққа тураётган, кўз олдида ёввойи ўйини ва таркибидаги ўзи каби бошқа олам вакили, “ўзга сайёралик” рақиби томон ошиқди.

lqernk.aw422x.im.lg.jpg

Бўлди, дунё шу иккисининг ўйинидан сармастликка тушди. Иккиси тўп сурадиган жамоалар ўртасидаги рақобат ўзининг олий чўққисига чиқди. Аср жанглари футбол ихлосмандлари эътиборини қозониб келди. Тинимсиз рақобат, қуёш ва ой, кеча ва кундуз, қувонч ва қайғу доимо бирга тилга олингандек иккисининг фаолияти тўққиз йиллик футбол оламини безади. Кимлардир унинг кибрига маҳлиё бўлди, баъзилар ўша хусусиятини жини суймади. Худбинликнинг олий чўққиси, ўзидан бошқа бировни ўйламайдиган феъли сабаб уни ёқтиришмади. Оловга мой сепгандек, ашаддий рақибининг самимий, кулиб турган чеҳраси, камтарлиги бу қарашларни янада авж олдирди.

ronaldo_cristiano-1040x572.jpg

Мана энди тўққиз йиллик муҳораба ниҳоясига етди. “Қироллик клуби”нинг юз йиллик тарихидаги барча қиролларини қандайдир тўққиз йилда тахтдан қулатган футболчидан фақат ўзига тегишли бўлган тахтини бўшатиб қўйишни сўрашди. У мағрурлик билан тахтни бўшатди. Узоқда унга неча йиллардан муносиб ворисга эга бўлмай, музаффариятга эриша олмаётган, тахтини кимга топширишни билмаётган “кекса синора” умид ила боқиб турарди.У эса қўшни қироллик ерларини обод қилишга, уни янгидан-янги чўққиларни забт этиш учун ошиқди. Фақат жангга кириш учун ёши тўғри келса бас.

985711.jpg

Юқоридаги фикрлардан гап ким ҳақида кетаётганлигини билдингиз. “Реал Мадрид” клубининг сўнгги йиллардаги етакчиси, замонавий дунё футболининг қиролларидан бири саналган, беш карра олтин тўп соҳиби Криштиану Роналду “қаймоқранглилар” сафини тарк этди. Россияда бўлиб ўтаётган футбол жаҳон чемпионатининг ярим финал ўйинлари арафасида жамоатчилик эътиборини бир ҳафтадан буён ўз домига тортиб келаётган шиддатли хабар довули мундиал баҳсларини тўзғитиб кетди.

GettyImages-691921564.jpg

Унга рақиблик қиладиган “Барселона” клубининг ашаддий мухлислари ҳам мунғайиб, жангни шиддатли қиладиган жангчидан айрилиб қолганини энди тушунди. Тўққиз йил давомида унинг томорқасига тош отиб юрган бугун ўша томорқадаги тошларни териб олиш пайида. Мессини Месси қилган, “Барселона”ни гранд жамоалар қаторига қўшган ва айнан шулар туфайли ўзи ҳам рақиблари каби буюклар қаторига қўшилган Криштиану Роналду билан рақиблари ва мухлислари ҳурмат келтириб, хайрлашиши даркор. Энди Роналдусиз классиколар файзсиздек ўтиши мумкин, албатта, бу вақтинчадир. Чунки юз йилдан бери классиколар аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Бироқ ана шу юз йилликда Роналду ва Мессидек бир вақтда футбол тахти учун курашган икки клубнинг икки вакили чиқмаганди.

germany-soccer-champions-league_4f75d6c4-a8ef-11e7-8fa9-3a95f17ae4d1.jpg

Эҳтимолки, яқин йилларда бу воқеа содир бўлмайди. Лионел Месси ҳам жамоасидаги ва чемпионатидаги “ерликлар” билан овуниб юраверади. У бошқа ўлкада, Криштиану бошқа ўлкада бир-бирини излаб, фаолиятини якунласа ажабланмаймиз. Нима бўлганда ҳам, барчаси учун раҳмат сенга, Криштиану!

 

Шерзод Маҳмудов, ЎзМУ талабаси

  11.07.2018, 13:10  |    117 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!