ПРОБОКС: Хонободда профессионал бокс байрами

Андижон вилояти Хонобод шаҳри илк бор ўтказилаётган профессионал боксчилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг ярим финал дастлабки баҳсларига мезбонлик қилди.
Расмий мусобақадан ташқари спорт тадбирида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш мақсадида ташриф буюрган Қозоғистон ва Озарбойжон давлатларининг профессионал боксчилари ҳам иштирок этишди. Бу эса маҳаллий мухлислар ва қўшни вилоятдан келган мухлис ва мутахассислар учун ҳам жанг кечаси катта қизиқиш уйғотди.
Хонобод шаҳри ҳокимияти ва Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан ташкилотчилик юқори савияда йўлга қўйилганлигини, иштирокчиларнинг бари ташкилотилик учун Хонобод шаҳри ҳокимиятига, жисмоний тарбия ва спорт бошармаси мутасаддиларига ҳамда тажрибали мураббий, профессионал бокс федерацияси бош директори Набижон Исмоновларга ўз миннатдорликларини изхор этишди.
Тадбир ўртоқлик жанглари билан старт олди. Ринга биринчи бўлиб 61 кг вазн тоифасида мезбон Абдулазиз Нажмиддинов ҳамда қашқадарёлик Шоҳруҳ Хикматуллаевлар кўтарилди. Ушбу жангда техник нокаут билан Абдулазиз Нажмиддинов ғалаба қозонди. 69 кг вазн тоифасида Озарбайжондан ташриф буюрган Роман Закиров Тошкент шаҳри вакили Иброҳим Назирбоевга қарши жанг олиб борди. Муросасиз ўтган қарама-қаршиликда ўртоқлик учрашувга хос натижа қайд этилди – дуранг. 76 кг вазнда эса яна бир меҳмон боксчи, қозоғистонлик Сейлхан Қуралбоев тошкентлик тажрибали мураббий Зуфар Сулаймонов шогирди Равшанбек Маҳаммаджоновга қарши рингга кўтарилди. Ушбу жангда ҳам ҳамюртимиз Равшанбек яққол устунлик билан ғолиб чиқди.
Асосий ярим финал баҳслари ҳам шиддатли кечди. 10 та вазн тоифасида 6 раунддан иборат бўлган жангларнинг 50 кг вазн тоифасида андижонлик Шаҳзодбек Шаробиддинов, 53 кг.да Нуржан Сериков(Навоий), 57 кг.да Бексултон Раушанов(Тошкент вил), 61 кг.да Бургут Хожибоев (Наманган), 63 кг.да Абдурасул Исмоилов (Хоразм), 66 кг.да Муҳаммадсалим Сотиболдиев (Тошкент шаҳри), 69 кг.да Музаффар Рашидов (Сурхондарё), 76 кг.да Муҳаммадали Ғофуров (Сурхондарё), 79 кг.да Шахзод Маузеров (Сурхондарё), сўнги +90 кг вазн тоифасида Ренат Раҳимов (Қорақалпоғистон)лар ғалаба қозониб, финал бахсларига йўл олишди.
Эслатиб ўтамиз, ярим финал баҳсларининг навбатдагиси 14 июль куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА