Сифатига кафолат борми?

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори-дармон воситалари, шунингдек, ноозиқ-овқат маҳсулотларини қинғир йўллар билан олиб кирилишининг олди олинмоқда.

Маълумки, республикамизда жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача номдаги ва ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори препаратлари ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.

Мазкур талабларга риоя қилмаган ҳолда “Даут-ата” чегара божхона пости орқали кириб келган республикамиз фуқароси О.Н. йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва энг асосийси, сифати кафолатланмаган 34 конвалютада жами 850 дона “Конкор” номли таблеткалари, 13 пачка жами 65 ампулада “Нейрокс” номли дорилар, 14 флаконда жами 1 минг 400 дона “Коринфар” номли таблеткалар, 12 та конвалютада 126 капсула “Утрожестан” номли дориларни Россиядан Ўзбекистонга олиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, “Қорақалпоғистон” темир йўл станциясида “Бейнеу-Нукус” йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганида, республикамиз фуқароси Ж.Е.га тегишли юклар божхона назоратидан ўтказилганида, ушбу шахс божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, белгиланган миқдордан ортиқ 210 литр пивони ҳеч қандай ҳужжатларсиз Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Айтиш жоиз, божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони 2 литргача божсиз олиб киришлари мумкин.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

ЎзА