ШҲТ халқ дипломатияси маркази таъсисчиларининг йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган ШҲТ саммитида иштирок этиб, ташкилот марказлари – халқ дипломатиясининг доимий фаолият юритувчи институтларини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилганди.
Ушбу ташаббус ва таклифларни рўёбга чиқариш, шунингдек,2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 июндаги “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида 6 июль куни ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи Халқ дипломатияси маркази таъсисчиларининг биринчи йиғилиш мажлиси бўлиб ўтди. Унда марказнинг Мувофиқлаштирувчи кенгашига аъзо тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов иштирокчиларга марказнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берди. ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшниликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашда доимий фаолият юритувчи ушбу институт муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия, Ёшлар иттифоқи, Журналистлар ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси марказ таъсисчилари сифатида қайд этилди.
Таъсис йиғилишида марказ Низоми, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва тафтиш комиссияси аъзоларини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди. Марказ директори лавозимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси Раҳматулло Назаров номзоди бир овоздан тасдиқланди.
Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, марказнинг ташкил этилиши нафақат минтақада, балки жаҳонда миллатлараро муносабатлар ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот чоғида, шунингдек, марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг молиявий жиҳатлари, соҳага мутахассис кадрлар жалб қилиш, хорижий шериклар топиш масалалари хусусида сўз юритилди.
Йиғилиш якуни бўйича махсус қарор қабул қилинди.

 

ЎзА