Болгария делегацияси Cамарқандда

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган “Болгария – Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Адлен Шукри Шевкед хоним бошчилигидаги Болгария Республикаси Халқ мажлиси делегацияси 4 июль куни Самарқандга ташриф буюрди.

photo5323644605599689003.jpg

Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими Т.Жўраев меҳмонларга вилоятнинг саноат салоҳияти, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Кейинги йилларда мазкур соҳаларни жадал ривожлантириш мақсадида давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар, хорижий инвесторлар учун бериладиган имтиёзлар тўғрисида сўз юритди. Айниқса, туризм йўналишида олиб борилаётган ишлар натижасида бугунги кунда кўплаб хорижий сайёҳлик компаниялари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди. Самарқанд вилояти раҳбарияти, туризм соҳаси вакиллари бу борада болгариялик тадбиркорлар билан ишлашга тайёр эканликларини билдирди.

photo5323644605599689004.jpg

Адлен Шукри Шевкед хоним Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун халқаро миқёсда эътироф этилаётганини таъкидлаб, бу яқин орада ўз самарасини беришини таъкидлади. Шунингдек, давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар узоқ тарихга эга эканини қайд этиб, Болгария парламенти бу ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишини билдирди.

Болгария делегацияси аъзолари самарқандлик тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, турли соҳалар бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.

Самарқандга ташриф давомида меҳмонлар шаҳардаги бир неча асрлик тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар билан танишди.

 

Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА