Мақом санъати ўзбек халқининг мусиқий энциклопедиясидир. Унда халқимизнинг қадимий тарихи, маънавий дунёси, бадиий фалсафаси, руҳи мужассам. Шу боис неча асрдирки, мақом бебаҳо маданий мерос сифатида ардоқланиб келмоқда.
5f984f8a-d245-4911-a813-25f49b721d95.jpgЎзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати юртимизда ушбу санъатни асраш, чуқур ўрганиш, бойитиш ва келгуси авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.
– Дунёда миллий мақомчилик анъаналарини ярата олган халқлар саноқли. Мақомни эшитганимизда қалбимизда ажиб ҳислар уйғонади. Ундаги дард, оҳанг, ранг-баранглик руҳиятимизга сокинлик олиб киради. Мусиқанинг таъсири, сеҳри ана шундай қудратга эга.
Бугун мумтоз санъатимизни чуқур ўрганиш, унинг нозик сир-асрорларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 6 апрелдаги “Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш тўғрисида»ги қарорлари ўзбек мумтоз мусиқаси тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим ҳужжатлар бўлди. Бу ҳужжатларда мақом санъатини янада ривожлантириш ва уни бутун дунё бўйлаб тан олинишига имкон яратиш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ўзбек мумтоз мусиқасида мақом жанри етакчи ўринни эгаллайди. Мақомлар жуда қадим замонларда Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқа маданиятида мавжуд бўлган. У етук созанда ва хонандалар томонидан яратилган ва IX-X асрларда ривожланиб, янги воситалар билан бойиган.
Мақом мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ва шакл тузилишлари, лад ва усул тизимлари ҳамда илмий ва амалий асослари пухта ишлангани билан фарқ қилади. Мақом мусиқа, шеърият ва рақс санъатларини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий дурдонадир.
Ўзбекистонда мақом асарлари ва туркумлари – Бухоро “Шашмақом”и, “Хоразм мақомлари” ва “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” туркумлари, шунингдек, унинг локал вариантлари – Тошкент ироғи, Қўқон ироғи, Самарқанд ушшоғи, Фарғона “Сурнай мақом йўллари”, Хоразм “Дутор мақом туркуми”, “Феруз” туркуми ва бошқалар мавжуд.
Бугун мумтоз санъатимизни чуқур ўрганиш, унинг нозик сир-асрорларини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бундай ғамхўрлик, табиийки, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаб, эстетик диди ҳамда тафаккурини шакллантириш, халқимизнинг мақом санъатига бўлган ҳурматига муносиб бўлиш, улар орзиқиб кутаётган янги-янги “жавоҳир”ларни яратишга ундайди.
– Мақом санъатини ёшларга сингдириш, уни тинглай олиш қобилиятини шакллантиришда нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Мақом санъатини ёшлар онгига сингдириб бориш ва уларда мақом намуналарини тинглаш қобилиятини шакллантириш жуда муҳим. Юқорида номи келтирилган қарорда белгилаб ўтилган вазифалар асосида мақом санъатини ёшлар онгига синдириш ва уларни мақом санъатига бўлган муносабатини ўзгартириш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилди.
Марказ томонидан йиллик режа асосида жойларда, таълим муассасаларида мақом кечалари ўтказиш ва мақом санъати мазмун-моҳиятини ҳамма тушунадиган тарзда тарғиб қилиш масаласи кўтарилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбек миллий мақом санъати маркази томонидан ёшларни психологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, мақом намуналарини саралаб олиш ва таълим муассасаларида ўқув жараёнида фойдаланиш учун услубий қўлланмалар ва мақом алифбоси дарсликлари ишлаб чиқарилмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим муассасаларидан то олий таълим муассасаларигача дарслик ва аудио дисклар орқали дарслар киритилиши режалаштирилган.
Бу мақом санъатини оммалаштириш, унинг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига болалагидан сингдириш имконини беради. Шунда мақом кечалари кекса инсонлар билан эмас балки, мумтоз санъатимизни тушунадиган санъатсевар ёшлар билан гавжум бўлади.
– Бугунги кунда ёшларга мақом санъати қай даражада ўргатилмоқда?
– Юртимиздаги энг катта санъат олийгоҳи – Ўзбекистон давлат консерваториясида “Анъанавий хонандалик ва созандалик” кафедраси мавжуд. Ушбу кафедра мақом таълими йўналишида иш олиб боради. Лекин бу мақом тар
ғиботи нуқтаи назаридан жуда кам. Ҳозир барча вилоятларда санъат коллежларида “Анъанавий ижрочилик” бўлимлари ташкил этилган. Бу бўлимларда ёшлар мақом сирларини ўрганмоқда.
Эндиликда бу фаолиятни мувофиқлаштириш мақсадида Президентимиз қарорига асосан ҳар бир вилоят марказида намунавий “Мақом” ансамбллари ташкил этилди. Бу ёшларимизнинг мақом санъати борасида ижодий фаолият олиб боришига мустаҳкам замин яратади.
– Мақом санъатига жаҳонда қизиқиш қандай?
– Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқда кенг тарқалган бу қадимий санъат жаҳон мусиқашуносларининг доимий эътиборида бўлган. Сабаби, бу ҳудудлардан етишиб чиққан Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз Шерозий каби буюк мутафаккирларнинг адабий меросини мақом санъатидан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Ана шу жиҳатдан, жаҳон адабиёти ва санъатида муштарак ғоялар ва умуминсоний қадриятларнинг шаклланишида мақомнинг ўрни беқиёс.
Бугун ўндан ортиқ мамлакат ўз мақомига эга. Ҳиндистоннинг “Рага”си, Покистоннинг “Кавалли”си, Эроннинг “Дастгоҳ”и, Жазоирнинг “Нуга”си, Озарбайжон ва арманларнинг “Муғом”и, арабларнинг “Мақом”и, уйғурларнинг «Муқом»и бор. Табиийки, бу халқларда мақом юксак даражада ривожланган. Улардаги забардаст ижрочилар Ўзбекистонга келиб маҳоратини кўрсатсин ва ўз навбатида, миллий мусиқий меросимиз нақадар буюклигини кўрсин, деган мақсадда Президентимиз қарори билан жорий йилдан бошлаб Шаҳрисабзда ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгиланди. Бу анжуман мақом усталари бўлган хонандаю созандалар учун ўзига хос маҳорат майдонига айланишига ишончимиз комил.
– Халқаро мақом санъати анжуманига кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Санъат дунё халқларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради. Ҳалқаро мақом санъати анжуманидан кўзланган мақсад ҳам шу. Бу анжуман ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат туйғусини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Анжуманда мақомот санъати ривожланган ва мавжуд бўлган Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон, Миср, Ироқ, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон сингари дунёнинг кўплаб мамлакатларидан санъат усталари, мақом шинавандалари иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Анжуманни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вазирлигимиз қошида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, гуруҳ анжуманни ўтказишга доир барча масалаларни қамраб олган ҳолда иш олиб бормоқда. Халқаро илмий анжуман дастурини тайёрлаш ва иштирокчиларни шакллантириш борасида ишчи гуруҳ томонидан қилиниши режалаштирилган ишлар белгилаб олинди. Айни пайтда Ўзбек миллий мақом санъати марказида анжуманга тайёргарлик жараёни қизғин кетмоқда.
Жорий йил сентябрь ойида илк маротаба ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжумани санъатсевар халқларни мақом йўллари ва мумтоз намуналаридан кенг баҳраманд этиш, уларни миллий мусиқамизнинг бетакрор садоларига ошно этишда муҳим воқеа бўлади.

 

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди