Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, шу асосда амалга оширилаётган ишлар самараси муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Оила ва аёллар комиссияси аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчиларининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепциясининг Президент қарори билан тасдиқлангани, бу борада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш кун тартибидаги долзарб масала экани жамиятда оилаларга эътибор кучайганидан далолат.

Муҳокамалар давомида концепциянинг мазмун-моҳияти ва уни амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” иштирокчилар эътиборида бўлди.

Тадбирда мамлакатимиздаги рўй бераётган ўзгаришларга мувофиқ келгусида тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича олиб бориладиган ишлар режалаштириб олинди.

 

И.Аҳатова, ЎзА