Абитуриентлар, ота-оналар учун ҳаяжонли кунлар яқин

Айни вақтда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йили учун қабул давом этмоқда. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида ҳам бу борадаги ишлар намунали тарзда ташкил этилган.

Президентимизнинг жорий йил 4 июндаги “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур институтнинг бакалавр босқичига 1 минг 275, магистратура босқичига 105 йигит-қиз қабул қилинади. Махсус сиртқи бўлимда бакалавр босқичига 90 ўрин ажратилган.

Институтнинг “Қурилиш”, “Иқтисодиёт”, “Электромеханика”, “Ташишни ташкил этиш ва транспорт логистикаси” факультетида 14 таълим йўналишида мутахассислар тайёрланади.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу йилдан бошлаб институтда “Транспорт иншоотларининг эксплуатацияси (кўприклар ва тунеллар)” таълим йўналиши ва магистратурада “Вагонсозлик” мутахассислиги бўйича янги йўналишлар очилган, – дейди институтнинг ахборот-маслаҳат маркази маслаҳатчиси Мироншоҳ Ортиқов. – Шу йўналишда ҳам абитуриентлар қабул қилинмоқда. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб магистратура босқичи учун ҳам ҳужжатлар қабул қилиш бошланади. Айни вақтгача мингга яқин йигит-қиз ҳужжат топширди.

Институтнинг махсус сиртқи бўлимига ҳужжат топшириш учун касб-ҳунар маълумоти қабул квоталари мавжуд таълим йўналишига мос ёки турдош бўлиши ва камида уч йил темир йўл соҳасида амалий иш стажига, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти персонални бошқариш ва кадрларни тайёрлаш бошқармасидан тавсияномага эга бўлиши талаб этилади.

Юзага келиши мумкин бўлган турли саволлар бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар бериш мақсадида институт қабул комиссиясида ахборот-маслаҳат маркази ташкил этилган. Унда абитуриентларга ва уларнинг ота-оналарига қабул жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилади.

Ахборот-маслаҳат марказига юқори малакали, кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар жалб этилган бўлиб, бу ерда қабулга оид меъёрий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, касбга йўналтирувчи тарғибот-ташвиқот лавҳалари, маслаҳатлар жадвали, эълонлар ва бошқа зарур маълумотлар билан танишиш мумкин.

Шунингдек, ахборот-маслаҳат марказида 2018/2019 ўқув йили қабулига оид, жумладан, тест синовларини ўтказиш бўйича янги ўзгаришлар, таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шакллари, ўқишга қабул қилиш тартиблари тўғрисидаги Низомлар, имтиҳон шакллари, таълим йўналишларининг тест бўйича мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси ва бошқа барча маълумотлар жойлаштирилган.

Марказга фуқаролар (0371) 299-02-43 телефон рақами орқали мурожаат қилиши ҳамда telegram , facebook  ижтимоий тармоғидаги саҳифалар орқали тезкор маълумотларни олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда 2018/2019 ўқув йили учун аризалар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Эндиликда тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменада ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шу кунларда ҳар куни эрталаб соат 8:00 ва 15:00 да тест синовлари бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 июндаги “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида абитуриентлар умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари таълим йўналишлари бўйича ажратилган.

Президентимизнинг жорий йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шунингдек, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарларнинг фарзандлари учун давлат гранти асосида таълим олишга умумий қабул сонидан 5 фоизли квота ажратилади. Уларнинг фар-
зандларига махсус тавсиянома берилади.

Шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, яраланган, контузия ёки шикастланиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тегишли вазирлик ёки идоранинг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларининг бюджет ўринларига махсус квота бўйича тест синовларисиз қабул қилинади.

Айни вақтда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида олиб борилаётган бу каби кенг кўламли ишлар келажакда мустаҳкам билим ва юксак савияга эга кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА