Президент: ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойлари ташкил этиш доимий эътиборда бўлади

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилаларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида уларни арзон уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизматларни олишда, маиший техникалар ва уй ҳайвонлари харид қилишда беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон карлар жамиятининг Олмазор туманида жойлашган Кар-соқовлар маданият маркази ҳудудида ҳам кенг қамровли ишлар бажарилди. Даставвал, 6 гектардан иборат ҳудуд ободонлаштирилди. Кар-соқовлар маданият маркази биноси тубдан таъмирланди, унинг ичидаги 450 ўринли концерт зали, тўгарак хоналари, спорт заллари замонавий жиҳозланди.

Марказ ёнида Ўзбекистон карлар жамияти спорт федерациясининг усти ёпиқ спорт зали бўлиб, ҳозирги кунда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Унинг ёнида янги стадион барпо этилди.

Президентимиз маданият маркази биносида яратилган шароитларни кўздан кечирди. Жамият аъзолари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига қаратилаётган эътибор, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида суҳбатлашди. Кар-соқов болаларни ўқитувчи мутахассислар ва сурдотаржимонлар тайёрлаш долзарб масалалардан эканини таъкидлаб, аҳолининг мазкур қатлами саводхонлиги, тарбияси, ишлаши, дам олиш ва даволаниш шароитларини яхшилашга қаратилган алоҳида қарор тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

1f952041-9935-074d-e435-db59415f5aaf.jpg

Шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров, ёш режиссёр Олег Ошипковга Тошкент шаҳридан уй, маданият маркази учун иккита автобус совға қилди.

Биласизки, давлат халққа хизмат қилади, деган тамойилни ўзимизга мақсад қилиб олганмиз. Сизлар ҳам жамиятимизнинг муносиб аъзосисизлар. Ушбу соҳага ҳамма шароитларни яратамиз. Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этишда янги имтиёзлар берилди.

1fad647e-c319-48fd-88e8-22cd6cccc7c9.jpg

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон карлар жамиятига қарашли ҳудудда 3 та блокдан иборат саноат зонаси ташкил этилди. Бугун улардан бирида «Кўкча текстил» масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонаси иш бошлади.

Корхонада 27 нафар карлар жамияти аъзоси иш билан таъминланди. Уларга «Кўкча текстил»нинг 74 малакали ишчиси тикувчилик сирларини ўргатмоқда.

Президентимиз тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Амалга оширилаётган бундай ишлар изчил давом этишини, ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойлари ташкил этиш доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

0f6ac813-f072-7b03-818e-23cce3d83c47.jpg
e482cb04-f56b-f7d8-6495-ccbf2f20218c.jpg
1bc21aad-4f53-07e7-948e-5a0c25bd2609.jpg
99ef26e9-f30c-28c3-e13b-fd0bbde342a8.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА