Шавкат Мирзиёев ўйинчоқлар ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти билан танишди

Президентимиз ўтган йилнинг 21 апрелида Олмазор туманига ташрифи давомида Тошкент ўйинчоқлар фабрикаси негизида болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган, бу ишга Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки масъул этиб тайинланган эди.

Давлатимиз раҳбари туманга навбатдаги ташрифи доирасида ушбу корхонада бўлиб, амалга оширилган инвестиция лойиҳалари билан танишди.Хусусан, фабрика ҳудудидаги ишлаб чиқариш майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида, “NBU Investment” МЧЖ томонидан ташаббускор-инвесторлар билан биргаликда 5 та янги корхона (“Toys City”, “O`yinchoqlar Fabrikasi”, “Funny Kids World”, “National Products” ва “United Nation company” МЧЖ ҚК) ташкил этилди .

e8eddb55-4cab-0227-53ba-7c6ad97f4f7d.jpg

Бугунги кунда ушбу корхоналарда турли хилдаги замонавий болалар буюмлари ва ўйинчоқлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 209 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушганидан сўнг 920 дан ортиқ янги иш ўрини яратилади.
Ҳозирга келиб, лойиҳалар доирасида зарур бино-иншоотларни қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, имзоланган импорт шартномалари бўйича асбоб-ускуналарнинг бир қисми олиб келиниб, улар монтаж қилинмоқда. Ускуналарнинг қолган қисми 2018 йилнинг июль ойи давомида етказиб берилади.Бугунги кунда “Toys City” корхонаси ишга туширилган бўлиб, 70 га яқин маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилган. Аҳамиятлиси, хомашёнинг асосий қисми маҳаллий корхоналардан олинаётгани боис маҳсулотлар нархи хорижникидан анча паст, сифати ҳам юқори.

Шавкат Мирзиёев мазкур корхонада ўйинчоқлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

– Ҳар бир ота-она фарзандининг жисмонан соғлом, дунёқараши кенг, юксак маънавий фазилатларга эга бўлиб улғайишини истайди. Бунда ўйинчоқларнинг аҳамияти катта, – деди Президентимиз. – Бу ерда ташкил этилаётган корхоналарда ишлаб чиқариладиган ўйинчоқлар сифати жиҳатидан хорижникидан кам бўлмаслиги керак.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА