Навбаҳор Имомова Ўзбекистон ва ўзбек матбуоти билан муҳим ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Матбуотга ҳар доим етакчи куч сифатида қаралган. Бу мезон ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ. Ҳар бир жамиятдаги ислоҳотлар жадаллигини ОАВдаги ўзгаришлар белгилаб беради. Шу маънода Ўзбекистондаги ўзгаришларни илк бор матбуот илғамоқда.
Сайтимиз орқали дунёнинг энг нуфузли ахборот воситаларидан бири саналган “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомованинг эндиликда Ўзбекистонда эмин-эркин фаолият олиб бориши ҳақида хабар берган эдик. Яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан журналистга аккредитация гувоҳномаси топширилди.
– Ўзбекистонни ичкаридан ёритиш учун имконият бор энди. Вақти-вақти билан келиб материаллар узатаман, – дейди Навбаҳор Имомова. – Бу дегани Ўзбекистондаги мавжуд ҳолат, ҳукуматнинг ислоҳотлари реал факторларга асосланганми йўқми, одамларнинг ўзгаришларга, сиёсатга муносабати, турмуш-тарзи… барча-барчаси ҳақида дунёга “Америка овози” Ўзбекистондан, воқеалар марказидан туриб кўрсатади, солиштиради, таърифлайди, таҳлил қилиб беради. Ўзбек ОАВси ҳам аста-секинлик билан бўлса-да очилаётган экан биз ҳам ҳамкорликка тайёрмиз. 
«Америка Овози» – дунёдаги етакчи халқаро телерадио ҳисобланади. 45 тилда эфирга чиқади. Ўзбек тилида ҳам кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлайди. Халқаро ҳаёт, жамиятдаги муҳим ўзгаришлар ва масалалар ёритилади. Ўзбек хизмати АҚШ пойтахтида олти кишилик таҳририятга ва Марказий Осиё бўйлаб жамоатчи мухбирларга эга.
P/S: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитациядан ўтказилган, “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомова билан бўладиган видео матнли суҳбатни эълон қилади. Сайтимизни кузатиб боринг. 
 
Эслатиб ўтамиз, шу давргача муайян тадбирларни ёритиш учун маълум бир белгиланган муддатли рухсатномалар берилган, бироқ мамлакатда эмин эркин фаолият юритиш учун ҳали америкалик бирор бир журналист бундай мақомга бугунги кунгача эга бўлмаган эди.

 

ЎзА