Онлайн: Сенатда Ички ишлар вазирининг ҳисоботи эшитилмоқда

Жорий йил давомида олиб борилган комплекс ишлар натижасида содир этилган жиноятлар сонини 40,7 фоизга камайтиришга эришилди. 

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилмоқда.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳисобот даврида вазирлик томонидан жамиятда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга қаратилган чоралар кучайтирилганини таъкидлади. Тергов жараёнида гумон остида бўлган ва жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил давомида олиб борилган комплекс ишлар натижасида содир этилган жиноятлар сонини 40,7 фоизга камайтиришга эришилди.

Ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолияти жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммоларини аниқлашга қаратилмоқда. Шу мақсадда жамият хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг эрта олдини олиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир хонадонни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни қисқа муддатда ҳал этиш бўйича кенг қамровли тадбирлар ташкил этилаётир.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг эрта олдини олиш, аҳолида жиноятга муросасиз муносабатни шакллантиришишлари йўлга қўйилган. Ҳар ойда аҳоли олдида профилактика инспекторларининг ҳисобот бериш механизми йўлга қўйилди.

Профилактика инспекторларининг барчасига Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаларига уланган замонавий мобиль смартфонлар тарқатилгани уларнинг фаолиятини яхшилади. Бу уларга шубҳали шахсларни текшириш ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ягона базага жойлаштириш учун имконият яратди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА