Маҳоратли устоз журналист Икром Ўтбосаровнинг “Ватанда сафар қил...” китоби нашр этилди

Донишманд халқимизда аввал иқтисод деган пурмаъно нақл бор. Шу маънода, одамлар турмушига кириб келган ҳар қандай иқтисодий воқеа, ўзгариш, янгиликлар журналист онгу шуурида, тафтиш ва таҳлил тегирмонида бетиним айланиб туриши табиий ва зарур. Айниқса, ҳар нафасда содир бўладиган иқтисодий янгиланишлар, ўсиш, юксалишлар замон қаламкашининг ўткир нигоҳидан бир сония ҳам четда қолиши мумкин эмас. 
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли публицист Икром Ўтбосаров қарийб қирқ йилга яқиндирки айни шу соҳада муваффақият билан қалам тебратиб келади. Адибнинг бу борадаги узоқ йиллар тўплаган тажрибалари “Ватанда сафар қил…” китобига жам бўлди.
Публицистик, журналистик тадқиқот, таҳлил ва танқид, мулоқот ва учрашувлар жамланмасидан тузилган ушбу тўпламни ўқиган китобхон бу кунлар енгил ва осонлик билан келмаганини, қандай машаққатли ва катта йўллар босиб ўтилганини, бу ёруғ кунлар ортидаги қанчадан қанча меҳнат ва фидоийликларни юрак-юракдан ҳис этади, иқрор бўлади. Китобдаги содда ва равон тилда, ўқувчига тушунарли қилиб ёзилган таҳлилий мақолалар, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётининг турли жабҳаларида матонат ва фидокорлик билан хизмат қилган замондош юртдошларимиз ҳақидаги очерк ва лавҳалар, корреспонденциялар нафақат китобхон учун, бугунги етишиб келаётган ёш қаламкашлар учун ҳам муҳим қўлланма бўлиши шубҳасиз.
Китобдаги “Музработлик Салом фермер”, “Ўзбек фермери америкалик билан беллашди”, “Ўзбекистон 28 автомобилсозлик мамлакати”, “Оролбўйида турфа чечаклар очилди” ва шу каби ўнлаб мақола ва очерклар ўқувчига нафақат қизиқарли, аниқ ва муҳим маълумотлар, шу юрт, шу миллатга дахлдорлик бахтидан ифтихор ҳиссини ҳам бахш этадики, бу ёғду бизни бир умр тарк этмайди.

 

Озода Бекмуродова, ЎзА