Ўзбекистон терма жамоаси – Осиё биринчилиги совриндори

Таиланд пойтахти – Бангкокда катталар ўртасида қиличбозлик бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Қитъа биринчилигида Ўзбекистоннинг шпага бўйича терма жамоаси айниқса муваффақиятли иштирок этди.
Таркибида Олег Соколов, Файзулла Алимов, Роман Александров ва Жавоҳир Нурматов бўлган миллий терма жамоамиз моҳир устозлар Игорь Чикинев ва Руслан Кудаев бошчилигида даставвал Сингапур ва Япония терма жамоалари шпагачи спортчиларини енгишди. Чемпионатнинг ярим финали мусобақалари якуни бўйича эса улар жуда кучли – Халқаро қиличбозлик федерацияси рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турган Жанубий Корея терма жамоасини мағлубиятга учратдилар.
Шу тариқа шпага бўйича миллий терма жамоамиз Ўзбекистон тарихида илк марта қиличбозлик спортида Осиё биринчилигининг совриндорлари бўлиб, бронза медаллари билан тақдирландилар.
Ўзбекистонининг энг яхши қиличбозларидан бири бўлган Олег Соколов шпага бўйича қитъа биринчилигининг шахсий мусобақаларида ҳам муносиб иштирок этди. У 28 мамлакатдан келган 84 шпагачи спортчилар орасида саккизинчи ўринни олди.