Таълим тизими тубдан янгиланади, жамиятда ўқитувчининг обрўси ошади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш борасида қўйилган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошқарган йиғилишда халқ таълими тизимидаги ўрганишлар натижалари таҳлил этилиб, Президентимиз соҳанинг ҳозирги аҳволидан умуман қониқмаётгани, тегишли топшириқлар берилганига қарамай сезиларли ўзгариш бўлмагани танқид остига олинди. Шунинг учун тизимнинг асосий раҳбарлари ўз лавозимларидан озод этилгани қайд этилди.
Таълим тизими ходимларининг турли жамоат ишларида «дастёрга» айлантирилгани уларнинг иш сифатига салбий таъсир кўрсатди. Давлатимиз раҳбари томонидан мажбурий меҳнатни тақиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, жойлардаги айрим мансабдор шахслар ҳамон бу “хумор”дан воз кеча олмаётгани аччиқ ҳақиқат.
Йиғилишда эндиликда бундай ҳолатларга батамом чек қўйилиши, бу каби қилмишни содир этган шахслар жиноий жавобгарликкача бўлган жазога тортилиши мумкинлиги таъкидланди.
Ўқитувчиларнинг ишлаши учун зарур шароитларни таъминлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, етарли маблағ билан таъминланмагани уларнинг обрўси тушишига олиб келди. Бу эса яхши кадрлар, айниқса, эркак муаллимларнинг соҳани тарк этишига сабаб бўлди. Оқибатда таълим ва тарбиядаги олтин халқага путур етди.
Таъкидланганидек, эндиликда ўқитувчиларни муносиб рағбатлантириш, маошини ошириш чоралари кўрилади. Аммо бу жараён бир кунда бўладиган иш эмас, босқичма-босқич амалга оширилади. Хусусан, ўқитувчиларнинг зарур шароитда ишлаши учун мактаблар инфратузилмаси яхшиланади, янги мактаблар бунёд этилади. Бу ўз навбатида, малакали кадрлар, айниқса, эркак ўқитувчиларни мактабга жалб этишга яна имкон бериши шубҳасиз.
Ўқитувчининг асосий вазифаси таълим бериш. Афсуски, ўтган давр мобайнида бу ҳаётий мантиққа путур етди. Шу пайтгача уларни жамоат ишларига мажбурий жалб этишдан ташқари, тез-тез мажлисларга чақириш, турли қоғозларни тўлдиришга мажбурлаш амалиёти ишлаб келди. Натижада, жафокаш ўқитувчининг ўз билим ва кўникмасини оширишга, замонавий таълим тизимида жорий этилган янгиликлардан хабардор бўлишга вақти бўлмади.
Бош вазир бундай ачинарли ҳолатга Халқ таълими вазирлигига тайинланган янги раҳбарлар чек қўйиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада янги вазир Ш.Шерматовга зарур топшириқлар берилди.
Видеоселекторда мактаблар бевосита Халқ таълими вазирлиги томонидан қўйилган вазифаларни бажариши, ҳокимлар ёки бошқа мансабдор шахслар таълим тизимига ўз ҳукмини ўтказишига йўл қўйилмаслиги, тизим ходимларини мажлисларга чақириш амалиётидан воз кечилиши қайд этилди.
Айни пайтда мамлакатимиз мактабларида 6 миллион бола таълим олмоқда. Улар ҳар жиҳатдан билимли, етук бўлсагина орзуимиздаги келажакка эга бўламиз.
Йиғилишда таъкидланганидек, таълим тизими инфраструктураси замон талабларига мувофиқ тубдан ўзгартирилади, таъбир жоиз бўлса, бутунлай янгиланади. Бу борада халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, унинг ўринбосари вазифасини бажарувчилар – Сарвар Бобохўжаев, Алишер Умаров, Отабек Назировларга тегишли топшириқлар берилади.
Эндиликда таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг тўғри, манзилли етиб бориши таъминланади. Энг муҳими, бу маблағлар Халқ таълими вазирлиги томонидан тақсимланади. Таълим тизимини, хусусан, Халқ таълими вазирлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барча раҳбарларнинг муҳим вазифаларидан бирига айланади.
Йиғилишда таълимдаги энг муҳим манба – дарсликлардаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Дарслик сифатли, тушунарли бўлиб, фан жозибасини очиб беришга хизмат қилса, бу асосий мақсадга эришишнинг бош омилидир.
Кейинги йилларда дарсликлар моҳияти эмас, унинг муаллифларига асосий эътибор қаратилган. Бунда бош мезон «фалончининг таниши ёзган дарслик» бўлиб ўлчангани ғоят ачинарлидир. Вазият шу даражага етдики, мутахассисларни қўя турайлик, ҳатто зукко мактаб ўқувчилари ҳам дарсликлардан хато топа бошлади.
Қолаверса, дарсликларни 2-3 йилга бормай янгидан нашр этишга қанчадан-қанча маблағ сарфланган. Ҳолбуки, аниқ фанлар – математика, физика, кимё каби дарсликлардаги қонуниятлар ўзгармасдир. Уларни ҳар хил йўсинда талқин қилиб, қайта-қайта нашр этишдан мақсад аён. Бу албатта, муаллиф ва ноширлар манфаатига хизмат қилгани сир эмас.
Йиғилишда халқаро стандартларга мос дарсликларни яратишга эътибор қаратилди. Бу борада зарур топшириқлар берилди.
Мамлакатимизда мактаблар инфратузилмасини замон талабларига мувофиқлаштириш ҳам муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Таъкидланганидек, аксарият мактаблар 2 ёки 3 қават қилиб қурилган. Ҳолбуки, уларни 4 ёки 5 қават қилиб қуришга ҳеч нарса монелик қилмайди. Аксинча, мактабда шарт-шароит яхшиланиши, фан кабинетлари ташкил этиш, кўпроқ ўқувчиларни қамраб олиш имконини беради. Бундай имкониятдан фойдаланмаслик эвазига кўплаб ҳудудларда болалар уч сменада ўқимоқда.
Йиғилишда “Намунавий мактаб” лойиҳасида, аввало, мактаб биноларининг ўқувчилар учун ҳар томонлама қулай ва фойдали бўлишига эътибор қаратилиши зарурлиги айтилди.
Мактабларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун ички имкониятлардан фойдаланиш ҳам мақсадга мувофиқ. Бу борада пойтахтимизнинг Сергели туманидаги мактаблардан биридаги ибратли тажриба тилга олинди. Гап шундаки, мактабда ўқувчилар боғи яратилган бўлиб, унда ҳар бир ўқувчининг ўз дарахти бор. Ўқувчи ўз дарахтининг ўсиши учун жон куйдиради, унга вақтида сув қуяди. Бу бола тарбиясида муҳим ўрин тутиб, унда табиатга меҳр уйғотиши билан бирга зиммасида масъулият ҳисси ошишига ёрдам беради. Боғлардан келадиган фойда эса мактаб, ўқувчилар манфаатига хизмат қилса, нур устига аъло нурдир.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчининг обрўсини ошириш борасида зарур топшириқлар берар экан, “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деб алоҳида таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, ўқитувчи жамиятдаги энг обрўли касб эгаси бўлиши шарт. Бунинг учун барча чоралар кўрилади. Зеро, жаҳондаги энг ривожланган давлатлардан ҳисобланган Япония, Сингапурда айнан шундай ёндашув туфайли улар жадал тараққий этган.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ва тегишли ташкилотлар масъул ходимларига кўрилган масалалар юзасидан зарур топшириқлар берилди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА