“Тashkent-Сity”да қурилиш ишлари қандай кетяпти? (+фото)

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида йирик қурилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 
Шу йил бошида пойтахтимизнинг қоқ марказида мазкур лойиҳа бўйича “Тashkent-Сity” шаҳар ичида дунё стандартлари даражасидаги ҳар томонлама мукаммал ва ноёб кўринишдаги бинолардан ташкил топган шаҳарча бунёд бўлиши кутилмоқда.
Шаҳарча 90 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бўлиб, асосий лойиҳа чизмаларига кўра, 8 та лот, яъни алоҳида майдонларга бўлинган. Маълум бўлишича бу ерда элит меҳмонхона ва офислар учун бизнес марказларидан ташкил топган 6 та баланд бино, шунингдек аҳоли яшовчи тураржой бинолари ҳисобланувчи 20га яқин қурилиш иншоотлари мавжуд бўлади. Осмонўпар бинолар 22дан 43 қаватгача ташкил топиши кутилмоқда.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда бундай баландликдаги иморат илк маротаба айнан “Тashkent-Сity”да бунёд бўлади. Қайд этиш керакки, асосий лойиҳа ўз тасдиғини топган бўлса-да, 8та лотнинг фақатгина 1-, 5-, 7-лотлари архитектура кўриниши бўйича мутахассислар тасдиғини олган. Қолганларига яна ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгача кўриниш ва қулайлиги бўйича ҳар томонлама мукаммал бўлган бино лойиҳаларида, асосан, Туркия, Италия каби хорижий ҳамкорлар билан бирга иш олиб борилмоқда. 5-лот бош архитектори Эркадир Ўздемир билан бўлган суҳбатда бизга шундай деди:
“6 ой давомида жадал ишлар олиб борилаётган мазкур лойиҳани аввало танлаб олгунимизча анча вақт кетди. Бу жуда мураккаб масала. Зеро, биз кўзда тутган “Тashkent-Сity ” шаҳарчасидаги ҳар бир бино ўзининг такрорланмас, замонавий кўринишда ва ҳар томонлама қулай, замон талабларига мос, инновацион ютуқларига эга бино бўлиши шарт. Аввало, қоғозлардаги чизмалар ўз тасдиғини топгач макетларга кўчирилди. Унинг ҳам устида ишлаб бўлингач эса чизмаларни реалликка олиб чиқиш учун қурилиш ишларини бошладик.
Шахсан мен 1997 йил Ўзбекистонга келган бўлсам, мазкур иш олиб борган лойиҳаларим орасидаги энг мураккабидир. Шундан бўлса керак, масъулият ва ҳаяжонни сезяпман.
Биргина ана шу 5-лотдаги иш жараёнини кузатадиган бўлсак, бу ерда кундузи 730, кечки сменада 220 нафардан зиёд қурувчи иш олиб боришмоқда. Қурувчилар учун шароитлар муҳайё этилган. Тиббиёт пункти, 600 ўринга мўлжалланган ошхона бўлими, омборхона майдони, хавфсизлик қисмлари ишчилар хизматида.
Раҳимжон Маҳкамов, қурувчи:
– Ушбу қурилишда 6 ойдан бери ишлаяпмиз. Ҳозирда бетон қуйиш ишлари якунланди. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Пойтахтимиз ҳаётида бўлаётган бу ўзгаришларда, яъни шундай йирик лойиҳа бунёдкорлигида айнан мен ҳам иштирок этаётганимдан бахтиёрман.
Жадал суръатлар билан олиб борилаётган “Тashkent-Сity”нинг қурилиш жараёни ҳақидаги янгиликлардан кейинги мақолаларимизда батафсил маълумот бериб борамиз.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати
 
4b6f91ba-2a89-4c3d-8090-dc2d4d95ab92.jpg
6dc34be0-e10c-4eb2-9d7a-3dc04a1c5896.jpg
675cdbde-82be-432f-9f58-0c4d4ad3640a.jpg
9082a190-19b4-443d-a21f-758f77049389.jpg
beeb5c18-280e-4731-8ad4-11b933e472f1.jpg
ce5c3505-ba5a-4163-860b-dcdf25ef53e9.jpg
eaf6f657-0876-4cb8-8a65-3d506a49e749.jpg