Дарсликлар – таълим тизимидаги энг муҳим манба ҳисобланади. Дарслик сифатли, тушунарли, муҳими фан қирраларини очиб беришга хизмат қилса, бу таълимдаги ютуқнинг ярми таъминланганидир.

Аммо кейинги йилларда дарсликлар моҳияти эмас, унинг муаллифлари “эътибор”да бўлгани, яъни фалончининг хотини, фалончининг синглиси ёзган дарслик муҳим ўринга чиққани учун ҳам уларнинг сифати пасайди, саёзлашди. Ҳатто ўқувчилар ҳам дарсликлардан хато топаётгани жуда ачинарли ҳол.

Боз устига, уларни 2-3 йилга бормай янгидан нашр этишга қанчадан-қанча маблағ сарфланган. Ҳолбуки, аниқ фанлар – математика, физика, кимё каби дарсликлардаги қонуниятлар ўзгармасдир. Уларни ҳар хил йўсинда талқин қилиб, қайта-қайта нашр этишдан мақсад -албатта, муаллиф ва ноширлар манфаатига хизмат қилгани сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш борасида қўйилган вазифалар ижросига бағишлаб Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида дарсликлар билан юқоридаги каби нохуш ҳолатлар қаттиқ танқид қилинди.

Таълим беришнинг фундаментал асоси бўлган – дарсликлар сифати пасайгани таълим тизими деярли издан чиқишига олиб келди. Эндиликда, аввало, халқаро стандартларига жавоб берадиган, бошқача айтганда, тан олинган дарсликлардан биз андоза олишимиз керак. Бу борада жаҳон тажрибасидан тўғри фойдаланилса, сифат ва самарадорликка эришилади.

Видеоселектор йиғилиши тафсилотлари билан батафсил танишиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА