Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари С.Отамуродов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Президентимиз раислигида шу йил 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг Жиззах вилоятидаги ижроси билан танишди.
Иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин тутадиган вилоятда 227 минг 800 гектардан зиёд суғориладиган майдоннинг 104 минг гектарида ғалла, 82 минг 900 гектарида пахта, 14 минг 170 гектарида полиз ва савбзавот, қарийб 17 минг 600 гектарида чорва озуқаси, 9 минг 200 гектардан ортиқ ерда дуккакли ва мойли экинлар етиштирилмоқда.
Айни пайтда вилоятда мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини белгиланган миқдорда етиштириш учун барча чора-тадбирлар кўрилаётир. Биринчи навбатда мавжуд майдонлардаги ғўзани қондириб суғоришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Шу мақсадда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш учун 35 ҳудудий штаб, 285 суғориш гуруҳи ташкил этилган. Ҳар бир гуруҳга сув хўжалиги ташкилотининг масъул мутахассислари бириктирилган. Вилоятда ҳар 5 гектар суғориладиган майдонда бир нафар, жами 16 минг 600 нафар сувчи меҳнат қилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи Дўстлик ва Мирзачўл туманларида “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”, яъни 1 июндан 1 июлгача бўлган даврда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари мутахассислари билан учрашувларда ажратилган сувдан унумли фойданиш бўйича бажарилаётган қўшимча чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда сув насоси ва бетон ариқларда юзага келган айрим муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан муҳокама қилинди. Ўганишлар натижасига кўра, суғориш насослари харид қилиш учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратиладиган бўлди.
– Аграр соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор бу йилги сув танқислигини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Эшматов. – Ирригация тизимларида таъмирлаш, янги лотоклар олиш, айниқса, ғўза суғоришда эгилувчан қувурлардан фойдаланишга маблағ ажратилиши деҳқонларимизга катта кўмак бўлаётир. Ушбу амалий ёрдамлар қийинчиликларни енгиб, мўлжалдаги ҳосилни етиштиришга имкон яратади.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА