Спорт хабарлари: Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди

БОКС. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Вазни 52 килограмм бўлган боксчилар ўртасида Мансур Исматуллаев мўғулистонлик рақиби Енхмандах Хархуга қарши рингга кўтарилиб, якунда ғалаба қозонди ва олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Азиза Ёқубова, Ёдгора Мирзаевалар ҳам ўз вазн тоифасида ғолиб бўлди.
Финалга қадар жангларда ғалаба қозонган Райҳона Қодирова, Аброрбек Абдусаломов, Ҳасанбой Латибохунов, Аҳрорбек Абдуқаҳҳоров, Абдулаҳад Ғаффоров кумуш медаль билан тақдирланди.
Умидли боксчиларимиздан Фазлиддин Мамасалимов, Отабек Турдихўжаев, Ҳасан Қирғизбоев, Яҳё Нуриддинов ва Турсуной Раҳимовалар терма жамоамизга бронза медаль келтирди.
* * *
ЭШКАК ЭШИШ. Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди.
Эркаклар ўртасидаги беллашувларда К-1, К-2, С-1, С-2 қайиқларда 1000, 200, 500 метр, К-4, С-4 қайиқларда эса 1000, 200 метр масофаларга куч синашади. Аёллар эса С-1, С-2 қайиқларда 200, 500 метр масофа учун ким ўзарга баҳслашади.
Чемпионат доирасида параканоэ бўйича ҳам баҳслар бўлиб ўтади.

 

Ж. Тошхўжаев, ЎзА