Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Бунга ўзбек ва корейс халқлари характеридаги меҳнатсеварлик, орият, ватанпарварлик, шунингдек, бой тарих ва миллий анъаналарга садоқат туйғулари маънавий замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзаро ҳамкорлик тарихини кўплаб қўшма корхоналар, биргаликда амалга оширилган йирик лойиҳалар ҳамда замонавий кадрлар тайёрлашдаги ёрдам, маданий-маърифий тадбирлар безаб турибди. Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатининг пайдо бўлиши ва юксалишида бу мамлакат кўмагини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Айниқса, илм-фан, таълим соҳаларидаги ўзаро муносабатлар кенг кўлам касб этмоқда. Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Жанубий Кореядаги кўплаб олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги юқори самара бераётган бўлса, Тошкентда Инҳа университетининг очилиши кадрлар тайёрлаш миллий тизимида янги йўналишга тамал тоши қўйди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Чунгнам, Сеул, Ханбат, Гангнеун-Вонжу, Гёнгсанг Миллий университетлари, Инҳа, Кёнгги университетлари, Корея технологиялари ва таълим, Ханкук хорижий фанлар, политехника университетлари, Гванжу фан ва технологиялар, Корея тараққиёт институтлари, шунингдек, Тинч океани назарий физика маркази ва Корея атмосфера муҳити жамиятлари билан мунтазам алоқалар боғлаган.

– Таълим муассасамиз Жанубий Кореянинг 15 га яқин илмий маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйган, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Д.Жумабоев. – Қарийб 20 йил давомида қатор илмий симпозиумлар, халқаро конференциялар ўтказилди. Икки давлат олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ўзаро тажриба алмашуви йўлга қўйилди. Бу тадбирларда талабалар ҳам фаол иштирок этмоқда. Тажриба шуни кўрсатдики, икки томоннинг бир-биридан ўрганадиган жиҳатлари кўп. Айниқса, компьютер технологиялари ва ахборот-коммуникация тизимини ташкил қилиш борасидаги янгиликлар диққатга сазовор.

Мустақилликнинг дастлабки йилида Корея Республикаси билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик институтида корейс филологияси кафедраси фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда корейсшуносликни ривожлантиришнинг дастлабки босқичида миллий кадрларга эҳтиёж жуда юқори бўлган бўлса, ҳозирги кунда бу масала тўлиқ ечимини топди. Мамлакатимиздаги филолог-корейсшуносларни тайёрловчи ягона марказ ҳисобланувчи олийгоҳ тизимида бугунги кунга қадар корейс тили ва лингвистикаси ҳамда адабиёти бўйича қатор илмий ишлар олиб борилди. Шу билан бирга, корейсча луғатлар ва атамалар устида ишлар олиб борилиб, мукаммал қўлланмалар чоп этилди. Шарқшунослик институти талабалари Сеул ва Гёнгсанг Миллий университетларида илмий изланиш ва кўникмаларини бойитиб келди.

Илмий ҳамкорлик борасидаги муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилди. Ўтган даврда мамлакатларимиз тарихи, маданиятини тадқиқ қилиш соҳасида улкан ютуқларга эришилди. Икки мамлакат бир-бирини яқиндан ўрганди, таниди, бир-бирига қизиқиши ортди. Тошкентда Инҳа университетининг очилиши бу яқинликни янада мустаҳкамлади.

Мазкур олий ўқув юртининг пайдо бўлиш тарихи маърифатга эътибор, ўз қадр-қимматини тушунишга ёрқин мисол бўла олади. Тақдир тақозоси билан АҚШнинг Гавайи штатига бориб қолган корейслар ўз она шаҳарлари Инчеонда шахсий маблағлари эвазига ушбу олий ўқув юртини ташкил этишга киришади ва уни “Инҳа” (Инчеон ва Гавайи сўзларининг биринчи бўғинидан) деб аташга қарор қилади. 1952 йилдан фаолият юритаётган ушбу ўқув маскани замонавий кадрлар тайёрлашда ўзига хос салоҳиятга эга. Ана шу нуфузли олийгоҳнинг 2014 йилда Тошкентда Марказий Осиёдаги ягона филиали очилди. Уни ташкил этишдан мақсад жамият ва миллат тараққиёти учун, юртимизда ахборот технологиялари соҳаси ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўша оладиган, юқори малакали, ҳар томонлама баркамол мутахассисларни етказиб беришдир. Олий таълим муассасаси ўз олдига қўйган устувор вазифадан келиб чиқиб, талабаларга халқаро стандартлар асосида билим бермоқда. Айни пайтда университет ҳузурида магистратура ташкил қилинган, бакалавриат йўналиши электрон бизнес соҳаси билан кенгайтирилган.

– Логистика замонавий коммуникациянинг янги кўринишларидан бири. Дунё иқтисодиётида унга талаб кучли, – дейди “Логистика” йўналиши учинчи босқич талабаси Гамзат Тешаев. – Мен Кореяда билим ва кўникмамни ошириб, компьютер дизайни, дастурлаш тили, операцион тизимлар, микропроцессор ва соҳанинг ютуқларини мукаммал ўрганмоқчиман. Ниятим – Ўзбекистонда компъютер тили ва дастурлаш тизимининг ривожланган давлатлар логистикаси даражасига чиқишида ўз ҳиссамни қўшиш.

Ҳозир Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 700 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Инҳа университети (Корея Республикаси)нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади. Иқтидорли талабалар учун кўплаб имтиёзлар мавжуд. Кириш имтиҳонларида энг юқори натижа кўрсатган 10 талаба бепул ўқиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, ўқув семестри якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган яна 10 нафар талаба кейинги семестрда бепул ўқиш ёки семестр учун тўловнинг ярмидан озод бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади. Инҳа университети иқтисодиётга ўз билими билан хизмат қиладиган малакали кадрларни етказиб беради.

Статистик маьлумотларга қараганда, сўнгги беш йил ичида Жанубий Кореядаги Инҳа университетини битирган талабалар Samsung, LG Electronics, Hyundai, Samsung SDS, LG CNS, MBN, Sambo Computers, Lotte Information and Communications каби дунёнинг нуфузли корпорацияларида, шунингдек, ҳукумат муассасалари, молия агентликлари, илмий-тадқиқот лабораториялари, мактаб ва бошланғич компанияларда ўз истеъдодини намойиш этиб келмоқда. Бу йил улар сафига Тошкентдаги Инҳа университетининг илк битирувчилари ҳам қўшилади.

Юртимизда Жанубий Корея билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида кўплаб маданий тадбирлар ўтказилиб, бу дўст мамлакат билан яқин муҳит яратилаётган бўлса, Жанубий Кореяда ҳам шу каби тадбирлар кенг миқёсда ташкил этилади. Жумладан, олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ихтисослашган йўналишлар тобора кўпаймоқда. Умуман, мақсади муштарак, ниятлари эзгу икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик турли жабҳаларда баравж ривожланмоқда.

 

Дилобар Маматова, ЎзА