Эл олқиши шоирни сўндирмайди...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Тиловберган Жумамуратов таваллудининг 103 йиллиги муносабати билан адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган фотосуратлар ва китоблар кўргазмаси ҳамда адабий анжуман ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчилари, халқ шоирлари, адибнинг шогирдлари, оила аъзолари ва мухлислари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбой Каримов ва бошқалар Тиловберган Жумамуратов ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида сўз юритди.

Шоир (1915-1990) Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги Оқдарё овулида туғилган. Эски мактабда саводи чиққан, Тўрткўлдаги ўқитувчилар курсида ўқиб, ўша пайтдаги Ўрта Осиё давлат университетини тамомлаган. 1937-1942 йилларда туғилган овулида ўқитувчилик қилган. Кейинчалик турли ташкилот, таҳририят ва нашриётларда, 1963-1983 йилларда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасида масъул лавозимларда ишлаган.

Кўргазмада шоирнинг 40 дан ортиқ лирик, сатирик, насрий, драматик, публицистик, илмий-оммабоп асарлари ҳамда ижодкорнинг ҳаёти ва ижодини акс эттирган 50 га яқин фотосуратлар намойиш этилди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА