Қорақалпоқ давлат университетида туризм йўналиши очилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2018-2019 ўқув йили учун бакалавр ва магистратура учун қабул квотаси тасдиқланди. Унга кўра, университетда шу йилдан бошлаб туризм таълим йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланади.
Туризм йўналиши бўйича жами 40 талаба, шундан 10 грант, 30 контракт асосида қорақалпоқ, ўзбек, рус тили гуруҳларига қабул қилинади.
Бундан ташқари, магистратурада ҳам янгидан иккита ихтисослик очилмоқда, яъни дифференциал тенгламалар ва математик физика, философия (қўллаш соҳаси) ихтисосликларига ҳужжатлар қабул қилинади. Шунингдек, бакалаврда касбий таълим: экология таълим йўналиши тугатилмоқда.
Жорий йилда университетнинг журналистика йўналиши учун қабул квотаси икки баробарга оширилган, яъни янги ўқув йилидан 40 та талаба ўзбек ва қорақалпоқ гуруҳларида таҳсил олади (ўтган йилда 20 та эди).
Умуман Қорақалпоқ давлат университетида 2018-2019 ўқув йили учун бакалаврга 2290 талаба (ўтган йилда 2200 та), магистратурага эса 113 (ўтган йилда 80) талаба ўқишга қабул қилинади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА