МУНДИАЛ АНОНСИ: Бугун гуруҳ ўйинларининг биринчи турига якун ясалади, иккинчи тур старт олади

Бугун Россия мамлакати стадионларида давом этаётган Жаҳон чемпионати гуруҳ ўйинларининг биринчи турига якун ясалади. Россия ва Миср учрашуви билан эса иккинчи турга старт берилади.
Дастлаб Жаҳон чемпионатининг сўнгги – “Н” гуруҳининг икки ўйини бўлиб ўтади. Саранскдаги «Мордовия Арена» стадионида Колумбия ва Япония ўзаро ҳисоб-китоб қилишади. Учрашувни словениялик Дамир Скомина бошқаради.
Гуруҳдаги Польша ва Сенегал ўртасида ўйинга Москванинг “Спартак” стадиони мезбонлик қилади. Баҳрайнлик Наваф Шукралла бош ҳакам сифатида ишлайди.
Куннинг сўнгги учрашуви Россия ва Миср термалари ўртасида кечади. Хабарингиз бор, чемпионат мезбони биринчи турда Саудия Арабистони дарвозасига жавобсиз бешта гол йўллаб, ҳозирча турнирнинг энг йирик ҳисобини қайд этиб турибди. Миср эса бугуннинг юлдузи Муҳаммад Салоҳсиз Уругвай термасига қарши майдонга тушиб, битта тўп фарқи билан мағлубиятга учраганди. Бу гал Салоҳ асосий таркибдан жой олиши эълон қилинди.
Колумбия – Япония учрашуви Тошкент вақти билан 17:00 да бошланади. Польша – Сенегал ўйини 20:00 да, Россия – Миср термалари баҳси эса 23:00 да бошланиши белгиланган.
Ойбек Юнусов

 

ЎзА