Ўзбек ошхонаси япон ва итальян миллий таомларини ортда қолдирмоқда

Маълумотларга қараганда, “Ҳалол” белгиси билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг ошиб бормоқда. Хўш, бу бозорда Ўзбекистоннинг ўрни қандай? 

 
Бу саволга Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги консультанти Жаҳонгир Имомназаров шундай жавоб берди:

– Ўзбекистоннинг “Ҳалол” бозорига кириб боришига ёрдам бериши мумкин бўлган асосий омил халқнинг озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги салоҳиятидир.

Мисол учун, Ўзбек қассобини ишини бир марта кўрган одам ҳеч қачон бошқанинг хизматидан фойдаланмаса керак ёки ўзбек ошпазининг ошини бир марта еган одамда ошга муҳаббат пайдо бўлмай қолмайди. Кейинги 15 йилда Россия ва Қозоғистонда ўзбек ошхоналари (ресторан/чойхоналар) энг яхши ва энг қиммат ошхоналар қаторига киргани, ош, шўрва, сомса каби таомлар бу юртлар аҳолисининг энг севимли таомларига айлангани бежиз эмас.

Яқинда Россиядаги машҳур ресторанларнинг раҳбари билан суҳбатлашганимизда, у ўзбек ошхонаси жаҳонда етакчига айланиб, япон ва итальян миллий таомларини ортда қолдираётгани, ўзбеклар ўн йилдирки етакчиликни ҳеч кимга бермай келяпти… Баъзан “ўлиб бораётган” ресторанни чойхонага айлантиришдек оддий, лекин янгича ғоянинг ўзи етарли бўлиши, лекин ошпазлар Ўзбекистондан бўлиши кераклигини, эътироф этди.

Шундай экан, озиқ-овқат, ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларимизнинг кўплигини инобатга олиб хизматлар экспортини йўлга қўйиш керак. Бунда мамлакатимиз дунё “Ҳалол” бозорига малакасиз ва кам иш ҳақи оладиган қора ишчиларни эмас, балки қўлида ҳунари бор, демак яхши иш ҳақи олиши мумкин бўлган мутахассисларни етказиб беради.

Агар келгусида давлат томонидан шундай мутахассислар тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган қисқа муддатли курслар ташкил этилса,бу соҳада экспорт имкониятимиз янада ошган бўларди.

Келинг, энди “Ҳалол” бозори доирасида Ўзбекистондан яна нималарни экспорт қилишни чамалаб кўрамиз. Бундай имконият ҳар бир соҳада мавжуд. Мисол учун, консерваланган озиқ-овқатлар, жумладан, болалар учун махсус таомлар, мураббо, жем, пирог, кекс, шарбатларга талаб юқори. Дори-дармон саноатига эътибор қаратсак, бунда ҳам етарлича, имкониятимиз бор. Энг аввало, таркибида ислом динида истеъмол қилиш (фойдаланиш), қўллаш таъқиқланган (ҳаром қилинган) моддалар қўшмасдан турли дори-дармонлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришимиз шарт. Ҳатто, ана шу талабларга жавоб берадиган пардоз-андоз буюмлари (атир, упа, крем, тиш пасталари ва ҳ…) ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мумкин.

Ана шундай шартларни бажариб, тайёрланган маҳсулотни экспорт қилиш қулай бўлган мамлакатлар борми, деган саволга жавоб берадиган бўлса, улар Афғонистон (аҳолиси 35 миллион), Марказий Осиё давлатлари (39 миллион аҳоли), Россия (20 миллион мусулмон) ва бошқаларни айтиш мумкин.

Келинг, Россия бозорига бироз тўхтайлик. Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири Россия бўлиб, 2017 йилда мамлакатимиз экспортининг 18,1 фоизи шу давлатга тўғри келди. Ҳозирда Россия аҳолиси 146 миллиондан ортиқ бўлиб, шундан 20 миллиони мусулмон. Татарлар, бошқирдлар, чеченлар, ингушлар, лезгин ва бошқалар. “Ҳалол” маҳсулотлар Россия озиқ-овқат бозорининг 10 фоизини, яъни 35 миллиард долларни ташкил этмоқда! Агар бу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йилига 15-17 фоиздан кўпайиб бораётганлигини ҳисобга олсак, гап бир неча ўн миллиард долларга тенг бўлган улкан имкониятлар бозори ҳақида кетаётганлигини ва шу бозордан ўз улушимизни олишга аллақачон ҳаракат бошлашимиз кераклигини англаб олсак бўлади.

Қисқаси, Ўзбекистонда “Ҳалол” стандарти жорий этилиши бу, биринчи навбатда, тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигининг очилиши демакдир. Давлат биринчи қадамни қўйди, энди навбат тадбиркорларга.

 

Сайёра Шоева суҳбатлашди, ЎзА