Хитойнинг уч мўъжизаси

Дунёда нималар бўлмайди. Оддий бир тасодиф жаҳоншумул ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.

Замин мўъжизалар берару бизга
Эвазига фақат ҳайрат сўрайди
Қадим тарихга эга Хитой ҳақида гапирганда шоирнинг шу сатрлари беихтиёр ёдга тушади. “Осмон ости” дея аталувчи бу мамлакатга сафарим чоғида ўз кўзим билан кўриб ҳайратга тушганим – учта “мўъжиза” ҳақида маълумот беришни лозим деб топдим.
DSC_0129.JPG
“Таъқиқланган шаҳар” – Гугун
Хитой пойтахти Пекин марказида ўрта аср ёдгорликларидан бири Гугун – император саройи шаҳар ҳуснига кўрк бағишлаб турибди. Тяньаньмэнь майдонининг шимолида жойлашган Сарой тўрт томонидан баҳайбат деворлар билан ўраб олинган. Душмандан ҳимоя қилиш мақсадида саройининг атрофига махсус ариқ қазилган. Қурилиши 1420 йилда бошланган мазкур саройда салкам 500 йил мабойнида Хитойнинг Мин ва Цин сулолаларининг 24 нафар императори яшаб, мамлакат устидан ҳукмронлик қилган. Бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Жаҳон Маданий Мероси рўйхатига киритилган – қадимда “Таъқиқланган шаҳар” деб аталган Гугун саройи Мин сулоласининг иккинчи императори Чжу Ди томонидан ҳукмронлигининг тўртинчи йилида қурила бошланиб, 14 йилдан кейин фойдаланишга топширилган. Саройда минглаб хоналар мавжуд бўлиб, маълумотларга кўра 9 минг 999 яримта хона бор экан. Чунки Хитой афсоналарига кўра Осмон ҳукмдори 10 мингта хонага эга бўлишиши шарт экан. Ўзини “Осмон ўғли” деб атаган императоралар эса 10 мингта хонага эга бўлган иншоат қуришга хаққи йўқ экан. Шу сабабли ҳам битта хона битказилмай чалалигича қолиб кетган. Сарой қурилишига сарфланган маблағлар ҳақида аниқ маълумотлар сақлаб қолинмаган, бироқ қурилиш ишига юз минглаб усталар, миллионлаб қурувчилар жалб қилингани борасидаги ёзма манбалар бор. Қурилиш ашёлари мамлакатнинг барча бурчакларидан олиб келинган. Ҳатто пойтахтдан минг километр узоқликда жойлашган Гуандун ва Юньнань вилоятларидан ҳам қурилиш ашёлари олиб келинган.
SHAROFITDIN 128.jpg
Қадимий хитойликлар халқ урф-одатлари ва маданиятининг асосини ташкил қилган “усин” назарияси (яъни бешта ашёни: метал, ёғоч, сув, олов ва тупроқ)ни жуда ҳам ҳурмат қилишган. Бу назарияга кўра, жануб ҳаётга куч бағишловчи олов ҳукмронлигига тааллуқли экан. Шу сабабли шаҳарнинг жанубий қисмида ҳукмронлик рамзи сифатида маъмурий қальа барпо этилган. Сув эса шимолга тааллуқли бўлиб, шаҳарнинг шимолий қисмида ҳукмдорлар оиласининг истиқомат қилиши учун қальа қурилган. Тупроқ сариқ рангда бўлгани сабаб бу ранг мамлакат рамзи сифатида қабул қилинган бўлиб, Гугун шаҳрининг барча томлари сариқ рангга бўялган. Устунларнинг ҳаммаси олов ранги- қизил бўлиб, сариқ ва қизил ранглар умумий фаровонликни акс эттирар экан.
Муҳташам “Таъқиқланган шаҳар” икки қисмдан – ташқи бино ва ички қароргохлардан иборат. Йиллар давомида Гугун саройи ёнғинлар туфайли бир неча бор вайрон бўлишига қарамай, кўп ўтмай асл ҳолича тикланган.
Пекиндаги Император саройининг тўлиқ номи аввалига “Цзицзинчэн”-яъни, “Ҳашаматли тақиқланган шаҳар” деб аталган. Кейинчалик “Гугун”, яъни “Собиқ ҳукмдорлар саройи” дейилган. Бугунги кунда Гугун номи билан машҳур. Хитой бой маданиятининг рамзи бўлмиш Гугун сўз билан таърифлаб бўлмайдиган дурдона эканлиги Хитой ва жаҳон меъморлари томонидан тан олинган.
Бугунги кунда саройда 9 мингдан ортиқ катта ва кичик иншоат бор. Шу сабабли ҳам Гугун саройи нафақат ўрта асрнинг ноёб меъморий ёдгорлиги, балки шу кунга қадар жуда яхши сақланган жаҳондаги энг йирик саройлар мажмуаси саналади. Айни дамда 720 минг квадрат метрни ташкил қилган Гугун – “Таъқиқланган шаҳар” миллиондан ортиқ маданият ёдгорликларини сақламоқда. Бу каби мажмуа жаҳоннинг бирор бир мамлакатида учрамайди. Меъморий мажмуалар ва қадимий ёдгорликлар Гугуннинг ноёб маданияти рамзи саналади. Ҳар куни “Таъқиқланган шаҳар”га ўн минглаб сайёҳ, бир йилда эса 10 миллион киши ташриф буюради. Шахсий эҳтиёжлари учун мазкур шаҳарни барпо қилган императорлар йиллар ўтиб, мазкур обида бу қадар кўп одамларни ўзига тортишини ҳаёлларига келтирмаган бўлишса, не ажаб. Чунки йиллар давомида бу ерда фақат император ва унинг оиласи истиқомат қилган. Шу сабабли ҳам “Таъқиқланган шаҳар” деб аталади.
Мутахассисларнинг фикрича, ўрта асрларда феодал ҳукмдорларнинг сиёсий ва мафкуравий эҳтиёжлари мақсадида қурилган Гугун мажмуасининг фақат ярмигина бугунги кунда ташриф буюрувчиларга кўрсатилади. Шу сабабли ҳам сўнгги император Гугунни тарк этганига қарамай бу шаҳар ҳамон “Тақиқланган шаҳар”лигича қолмоқда, деган фикрлар ҳам айтилади.
Дунёнинг саккизинчи мўъжизаси
 
SHAROFITDIN 118.jpg
Дунёда нималар бўлмайди дейсиз. Оддий бир тасодиф жаҳоншумул ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. 1974 йил бир гуруҳ деҳқонлар Шанси вилоятидаги Лишань тоғида қудуқ қазиш мақсадида қазишма ишларини олиб боришар экан, кутилмаганда лойдан ишланган ҳайкалларни топиб олишди. Шу тариқа “Жаҳоннинг саккизинчи мўъжизаси” сифатида кўрилаётган Терракот армияси ҳайкаллари кашф қилинди.
Терракот армиясининг ҳар бири 150 килогамм келадиган ҳарбий аскар ва ҳар бири 200 килограмм келадиган отларининг ҳайкаллари Хитойнинг турли минтақаларида ясалиб, Сианга олиб келинган. Тананинг асосий қисми бир қолипда бўлиб, бош қисми, қўллар мутлоқо бир-бирига ўхшамайди. Ҳайкаллар бир неча кун мобайнида 1000 даража иссиқликда “пиширилган”.
Хитой Фанлар Академиясининг ботаника институти олимлари ҳайкалларни ўрганишар экан, отлар шу жойнинг ўзида ясалган деган хулосага келишди. Шуниси эътиборга сазоворки, 8 мингта аскарнинг қиёфаси бир-бирига мутлақо ўхшамайди. Олимлар лой ҳайкалларни ясашда императорнинг тан соқчиларидан фойдаланилган бўлиши мумкин, деган фикрларни айтишади. Ҳайкалларнинг бўйи 160 сантиметрдан 210 сантиметргача тенг. Улардан кимдир тик турган бўлса, кимдир қилич ушлаб жангга тайёргарлик кўрмоқда. Яна кимдир тиз чўккан ҳолда ўтирибди.
Айни дамда Император мақбарасидан 1,5 километр узоқликда жойлашган мажмуада 3 та чуқурлик бўлиб, биринчи чуқурликда 6 мингта пиёда, суворий ва ўқчиларнинг ҳайкаллари бор. Иккинчи чуқурликда эса атиги 100 та аскарнинг ҳайкали мавжуд. Энг кичик чуқурликда 68 та ҳайкал бўлиб, бу ер қўмондонлик штаби экани тахмин қилинмоқда.
1980 йилда император қабридан 20 метр узоқликдан ҳар бири 300та деталдан иборат 2та бронза арава, 2000 йил бошларида мажмуадан машшоқ, акробат ва амалдорларнинг ҳайкалари топилди. Қазишма ишлари ҳамон давом этмоқда.
1987 йилда мазкур мақбара ЮНЕСКОнинг жаҳон Маданий мероси рўйхатига киритилди. Қадимий терракот ҳарбийларини сақлаб, келажак авлодларга етказиш мақсадида усти ёпиқ стадионни эслатувчи бахайбат павильон барпо этилган. Тахлилчилар Сиандаги терракот ҳайкаллар тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлашмоқда. Бу ҳайкалар 22 аср аввалги Хитой армияси хақида тўлиқ маълумот беради. Бундай ташқари бу ҳайкалар ҳақиқий мўъжизадир. Айни шу мўъжизани ўз кўзи билан кўриш мақсадида ҳар йили 2 миллионга яқин сайёҳ Хитойнинг қадимий пойтахтига ташриф буюради.
Тарих синовларига, табиат инжиқликларига дош берган “тош белбоғ”
Velikaja_Kitaiskaja_stena_6.jpg
Ҳар бир давлатнинг расмий рамзларидан ташқари камида битта тимсоли бўлади. Сариқ денгиздан то мамлакат Шимолий-Ғарбий минтақасидаги чўлларга қадар чўзилган, шаҳар ва қишлоқ, водийлар, тоғ-у ўрмон, хатто ботқоқликлардан ўтган – Хитой рамзи саналмиш – Буюк Хитой девори хақида эшитмаган зиёли кишини ер юзида топиш қийин. Буюк Хитой девори сайёрамиздаги инсон қўли билан яратилган энг йирик, шу билан бирга энг ноёб меъморий иншоатлардан бири ҳисобланади. Эрамиздан аввалги 247 йилда Цинь ҳукмдори Чжуан Сян Ван вафот этганидан сўнг Цинь Шихуанди номи билан тахтга ўтирган Ин Чжэн даврида бошланган “Вань ли чан чэн”, яъни “10 минг ли узунликдаги девор” (1 ли 576 метрни ташкил қилади) номини олган мазур иншоатнинг қурилишида ўша даврда яшаган Хитой аҳолисининг бешдан бир қисми иштирок этган.
Тарих синовларига, табиат инжиқликларига дош берган Буюк Хитой девори бугунги кунда Давлат муҳофазасига олинган бўлишга қарамай, аста-секин емирилаётгани ҳақида айтилади. Мамлакатда ер ости бойликларини яширин тарзда қазиб олиш билан шуғулланадиган конлар Буюк Хитой девори яқинида жойлашгани бунинг асосий омилидир. Синьхуа ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, Буюк Хитой деворининг Хэбей вилоятидаги Лайюань уезди яқинидан ўтувчи 700 метрлик қисми бутунлай вайрон бўлган. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, тез орада Девор миноралари ҳам ағдарилиши мумкин экан. Айни шу минтақада ўнлаб кичик конлар борлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Шуни таъкидлаш керакки, ЮНЕСКО ва Хитой хукумати томонидан муҳофаза қилинадиган иншоатнинг Ички Мўғилистондан ўтувчи қисми қулаб тушгани ҳақидаги илк хабар бир неча йил олдин матбуотда пайдо бўлган эди. Пойтахт Пекин шаҳри жойлашган Хэбэй вилоятидаги сўнгги ҳодиса Буюк Хитой девори ўтадиган барча минтақаларда вазият мураккаблигини кўрсатиб қўйди. Чунки Буюк Иншоатнинг 70 фоизи хавф остида қолгани айтилмоқда. Айрим минтақаларда конларга йўл очиш мақсадида девор атайлаб бузилаётгани, деворнинг ғишт ва тошлари эса хўжалик ишларида фойдаланиш учун олиб кетилаётгани борасида ҳам бонг урилмоқда.
Буюк Хитой деворида жами 25 мингта минора борлиги айтилади. Ҳар бир минора чап ва ўнг томондаги иккита минорадан кўриниб туриши шарт эди. Айрим манбаларда 4 минг, бошқа манбаларда 6 минг километрни ташкил қилиши айтилаётган Буюк Хитой девори барча сулолалар сиёсати, иқтисоди, ҳарбий фаолияти ва маданиятини акс эттирган. Ундан генераллар ва оддий аскарлар, истеъдодли ва ақлли усталарнинг қахрамонликларини ўқиш мумкин. Хитойликлар “мамлакат тарихининг ярмидан кўпини ташкил қилувчи Буюк Хитой деворини кўрмаганлар Хитойни тушунмайди”, деган фикрни айтишади. Замонавий Хитой раҳбарларидан бири Мао Цзудиннинг “Агар Буюк Хитой деворини кўрмаган бўлсанг, сени хитойлик деб атаб бўлмайди” деган сўзлари сайёҳларга кўринарли жойга ёзиб қўйилган.
“Осмон ости мамлакати” қудратини кўз-кўз қилувчи “Тош белбоғ”ни томоша қилиш учун ҳар йили 2 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Мен Буюк Хитой деворини кўрганлар сафида эканлигимдан баҳтиёрман.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА