Германия нашри Равшан Эрматов ва ўзбек футболи ҳақида мақола эълон қилди

Германия нашри Равшан Эрматов ва ўзбек футболи ҳақида мақола эълон қилди

“Штерн” журналининг (Германия) интернетдаги саҳифасида ўзбекистонлик футбол ҳаками Равшан Эрматов ҳақида мақола чоп этилди. Унда Ўзбекистон Миллий терма жамоаси халқаро футбол майдонида ҳали катта ютуқларга эришмаган бўлсада мамлакатнинг 40 ёшли ҳаками мундиалда ушбу юрт номидан иштирок этади, деб ёзади. Яна қўшимча қилиб Равшан Эрматовнинг учинчи бор Жаҳон Чемпионатида иштирок этиши ҳам таъкидлаб ўтилади. 
Саноқли кунлардан сўнг бошланадиган Жаҳон чемпионатида гарчи Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этмасада ўзбекистонлик футбол мухлисларининг кайфияти кўтаринки. Улар ушбу мундиални катта қувонч билан қарши олмоқдалар. Бунинг сабаби, албатта, Равшан Эрматов, дейилади мақолада.
Эрматов Жаҳон Чемпионатларида илк бор 2010 йил Жанубий Африка майдонларида бўлиб ўтган мундиалнинг финал босқичида қатнашди ва ушбу нуфузли турнирда энг кўп ўйинни бошқариб, рекорд натижага эришганига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Эрматов Осиё Футбол Конфедерациясига берган интервьюсида шундай дейди: “Мазкур турнирда энг ёш ҳакам бўлиш ва мухлислар роппа-роса тўрт йил кутадиган ўйинни бошқариш, ақл бовар қилмас воқелик эди. Гўёки туш кўраётгандек эдим, ўзимни чимчилаб кўришим лозимдек эди, гўё”
ЖАРда ўз маҳорати билан катта таассурот қолдирган ёш рефери тўрт йилдан сўнг Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатини бошқаришга танлаб олинади. Равшан Эрматов Осиёда аллақачон машҳур бўлиб улгурган, у Осиё Футбол Конфедерациясининг беш карра энг яхши ҳаками сифатида тан олинган, дея таърифлайди “Штерн”.
Равшан Эрматовниг футболга кириб келиши тўғрисида немис журнали яна шундай ёзади: У тақдир тақозоси билан рефери бўлган. Аслида Равшан Эрматов футболчи сифатида ўз карьерасини қурмоқчи бўлган бўлсада, жароҳати уни орзусидан воз кечишга мажбур этди. Ўша пайтларда ёшлар жамоасида мураббий сифатида ишлаган отаси унга ёрдам берди. “Бир куни ўйинларнинг бирига тайинланган судья келмади. Шунда отам қўлимга ҳуштакни тутиб: – Қўлингдан келганича ўйинни бошқар, деди. Бу менинг илк ҳакамлик учрашувим эди.
Ўзбекистонда Равшан қисқа вақт ичида шуҳрат қозонди. Пойтахтдаги стадионларда ёки кўчаларда футбол ишқибозлари уни кўришлари билан суратга тушиш ва дастхат олишга интилишади. Яқинда Тошкентнинг “Миллий” ўйингоҳида Эрматов ўйинни бошқариши эълон қилинганда мухлислар гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди. Бундай ҳоллар тез-тез учраб туради.
Шуниси аниқки, Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам ушбу ёш юлдуз – ҳакамнинг ҳар бир ўйинни бошқариши у ерда яшайдиган миллионлаб юртдошларининг олқишига сабаб бўлади. Равшан Эрматов учинчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этаётган бўлса-да, бунга эришиш осон бўлмади. Эрматов бригадасининг ушбу чемпионатга чақирув олиши ҳар галгидек машаққатли меҳнат маҳсулидир, деб ёзади немис журнали. “Битта мақсад – Россияга бориш учун ҳар бир машғулотда кўп тер тўкишимизга тўғри келди”, дейди Эрматов.
“Боруссия”нинг собиқ мураббийи П.Штегернинг бир гапи бор: Ҳар бир ҳакам ўзининг қўпол хатоси билан ўйин тақдирини ҳал қилувчи юлдузга айланиши учун эмас, балки ўйинчиларни тўғри йўлга бошловчи маёқ сифатида майдонга тушиши лозим. Эрматов учун авваламбор футбол обрўсини сақлаб қолиш муҳимдир. Агар ҳакам ўйинчиларни жароҳатлардан ҳимоя қила олса, ўйин руҳиятини кўтаринки руҳда ушласа, албатта, ўйинчиларнинг ҳурматига сазовор бўлади.
Унинг Россияда иштироки бу сўнггиси эмас, деб умид қиламиз. 2022 йилда Қатар мезбонлик қиладиган Жаҳон Чемпионатида ҳам унинг номзоди қўйилишидан ажабланмаса бўлади, дея ишонч билдирмоқда немис нашри.

 

Баҳриддин Асланов тайёрлади. ЎзА

  14.06.2018, 16:28  |    112 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!