Иқтисодий-ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, одамларнинг муаммоларини ҳал этиш – ислоҳотларнинг асосий мақсадидир

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташрифининг биринчи куни кўплаб янги лойиҳалар билан танишди, тадбиркор ва инвесторлар, ишчи-хизматчилар, фермерлар, нуронийлар билан учрашди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифининг иккинчи куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлди.
Бу ерда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида берилган вазифалар ижросининг бориши билан танишди, ҳарбий-ҳаво десантчилари бригадаси машғулотларини кузатди, аскар ва офицерлар билан мулоқот қилди.
Мамлакатимиз сарҳадлари ҳимоячиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш масаласи доимий эътиборда. Хусусан, ушбу ҳарбий қисмда ҳам Ватан ҳимоячиларининг ўз хизмат бурчини намунали ўташи учун барча шароит яратилган.
Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмда ташкил этилган Маданий ҳордиқ маркази, Маънавият маркази, аутсорсинг тизими жорий этилган ошхонани кўздан кечирди.
– Ватанни севиш – улуғ фазилат. Ёшларимизни ана шундай фазилатли қилиб тарбиялашимиз керак. Бунинг учун сиз каби мағрур, бақувват йигитлар намуна бўлиши зарур. Ёшлар билан тез-тез учрашиб туриш, уларни миллий ифтихор, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш керак, – деди Президент.
Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди. Бунинг учун жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Ҳарбий-ҳаво десантчилари тайёргарлигини ошириб бориш учун аэродинамик тренажёрлар ўрнатиш, «Ватанпарвар» ташкилотлари ҳузурида парашютчилар тўгараклари очиш бўйича топшириқлар берилди.
Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги Мустақиллик мавзесида барпо этилаётган кўп қаватли янги уй-жойлар билан танишди.
Дастлаб Фарғона шаҳрининг Бош режаси асосида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.
Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ўтган йили Мустақиллик мавзесида 7 қаватли 5 та уй қурилиб, эҳтиёжманд оилаларга топширилган эди.
Бу уйлар 2 ва 3 хонали бўлиб, йигирма йиллик имтиёзли ипотека кредити асосида берилган. Хонадонларда барча шароит яратилган. Квартиралар иситиш қозони билан таъминланган. Биноларга замонавий лифтлар ўрнатилган.
Айни пайтда ҳудудда жорий йилга режалаштирилган 10 та уй, меҳмонхона, 150 ўринли боғча қуриб битказилмоқда. 2019 ва 2020 йилларда бу ерда яна 19 та кўп қаватли уй барпо этиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари кўп қаватли уйлар учун Туркия, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларда қўлланилаётган турар жой биноларини блоклардан барпо этиш тажрибасини ўзлаштириш зарурлигини таъкидлади.
– Блоклардан қуриладиган уй тез битади, зилзилага бардошли, таннархи арзон бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ривожланган давлатларнинг барчасида ана шундай уйлар қурилмоқда. Мамлакатимизга блоклардан уй қуриш бўйича замонавий технология олиб келинмоқда. Бу келгусида уй-жой қурилишини кўпайтириш имконини беради.
Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар ва шифокорларга мўлжалланган кўп қаватли уйлар бунёд этишга киришиш, улар учун бошланғич бадал тўловида имтиёзлар бериш истиқболдаги режалардан экани қайд этилди.
Шу ерда вилоятдаги мавжуд инфратузилма иншоотларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, Фарғона, Марғилон, Қувасой ва Қўқон шаҳарларидаги кўп қаватли уйларнинг иситиш тизимини қайта тиклаш, вилоятда ичимлик суви ва канализация тармоқларини ривожлантириш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.
Президентимиз Фарғона вилоятидаги ушбу йирик шаҳарларни ривожлантириш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий-ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш юзасидан мазкур шаҳарлар ҳокимларига зарур топшириқлар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.

 

Зиёдулла Жонибеков, Матназар Элмуродов, ЎзА