Қорақалпоғистонда ғалла ўрим-йиғими бошланди

Қорақалпоғистонда ғалла ўрим-йиғими бошланди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида ғалла ўрим-йиғими бошланди. Шу муносабат билан тумандаги «Қирантов» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Хожамурат Ақманғит» фермер хўжалигида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. 
– Ғаллани қисқа муддатда йиғиб олиш учун 9 отряд ташкил қилиниб, уларга 15 комбайн бириктирилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ислам Бекжанов. – Ўрим-йиғим ишларига қатнашаётган ишчиларга барча шароитлар яратиб берилган.
Туман миришкорлари 5 минг 800 гектар майдонга ғалла етиштирди. Об-ҳавонинг ноқулай келишига қарамай, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ташкил этилгани мўл ҳосил олишга муҳим омил бўлаётир.
Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда етиштирилган ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олишда жами 184 та, шу жумладан 22 та “Кейс” ва “Нью-Холланд” ҳамда 162 та “Клаас” русумли дон ўриш комбайнлари жалб этилади.
Ғалла ўрим-йиғим мавсумини тизимли олиб бориш мақсадида 112 та отрядлар ташкил этилиб, ушбу отрядларга 322 юк автомашиналари, 724 транспорт тракторлари, 1012 трактор тиркамалари, 112 ёқилғи ташиш воситалари, шунингдек, ҳар бир отрядга дам олиш ва кўчма таъмирлаш устахонлари ҳамда 1161 нафар масъул ходимлар, шундан 326 нафар ички ишлар ходимлари бириктирилган.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА

  14.06.2018, 15:53  |    77 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!