Қорақалпоғистонда эҳтиёжманд оилаларга газ плита ва баллонлари топширилди

Нукус шаҳрида Муборак Рамазон ойи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан манзилли рўйхатга киритилган мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга газ плита ва баллонлари топширилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 96 кишига тиббий ёрдам кўрсатилди. 
– Мазкур тадбир касаба уюшмалари вакиллари томонидан шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, хотин-кизлар қўмиталари, ёшлар иттифоқи ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорликда ўтказилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ўринбосари Муратбай Данияров. – Халқнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишдир.
20180612_161727.jpg
Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди, уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
DSC_0030.JPG
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида кенга кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йил учун аҳолининг кам таъминланган қатламларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича туман ва республика миқёсидаги манзилли дастурлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг уй-жой ва турмуш шароитларини яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётир.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА