Тошкент: ақлли, обод ва севимли шаҳар учун умумий ҳаракатлар режаси

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси шундай номланди. Унда пойтахтимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, режалаштирилаётган лойиҳалар, бартараф этилиши зарур бўлган муаммолар таҳлили ҳақида фикр юритилди.
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги муаммолар ва камчиликлар ҳақида айтиб ўтди. Жумладан, ҳокимият фақат хизмат кўрсатувчи орган бўлиб қолгани (яъни тозалаш, қуриш, бузиш каби), янги лойиҳаларни амалга оширишда ташкилотлар билан шериклик алоқалари яхши йўлга қўйилмагани, туман марказлари фаолияти қониқарсиз экани, улгуржи савдо бозорлари тартибсизлиги, бу эса транспорт қатновига салбий таъсир қилаётгани, баъзи туманларда ижтимоий-маиший объектлар, спорт мажмуалари етишмаслигига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ж.Ортиқхўжаев муаммоларнинг ечими юзасидан бир қатор таклифлар билдирди. Шаҳарда фақат йирик лойиҳали, юқори технологияли корхоналарни қолдириш, дам олиш масканлари, кўнгилочар марказларни барпо этиш, Тошкентдаги ҳар бир туманнинг ўз марказини барпо этиш каби таклифлар шулар жумласидан.
Яқин кунларда шаҳарнинг 4 намунали кўчаси лойиҳаси халққа тақдим этилади.
Тадбирда Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди.
Сергелидаги ўзининг яроқлилик муддатини аллақачон ўтаб бўлган ёғоч уйлар ўрнида замонавий уйлар бунёд этилмоқда. Қисқа муддатда тумандаги 13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уйлар қад ростлади. Улар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди. Янги мавзеда 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли умумтаълим мактаби, 61-оилавий поликлиника, ёпиқ сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари, велотрасса барпо этилган. Хизмат кўрсатиш тармоқлари ташкил этилди, янги иш ўринлари яратилди.
Жорий йилда Сергелида яна 5 минг 40 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, Чилонзор туманидаги Дўмбиробод маҳалласида яқин кунларда 3 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Бу уйлар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ногиронлиги бор фуқароларга берилади.
Бундан ташқари “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази, Тошкент шаҳридаги ер усти халқа метро линияси, Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасидаги уч қаватли замонавий кўприк, Чилонзор туманининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги кўп тармоқли “Ҳумо Арена” муз саройи, Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилаётган замонавий йўл ўтказгич, “Обод маҳалла” дастури доирасида пойтахтимиз туманлари олиб борилаётган ишлар, пойтахтимизнинг пиёдалар светофорларини тескари саноқ таймерига эга светофорларга алмаштириш лойиҳаси каби ишлар ҳақида маълумот берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА