Ҳудудларнинг иқтисодий ривожланиши халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади

Hududlarning iqtisodiy rivojlanishi xalqimiz farovonligini yuksaltirishga xizmat qiladi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Фарғона вилоятини 2018 йилда ривожлантириш инвестиция дастури доирасида 285 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 35 таси якунига етказилди. Вилоятда 212 қўшма корхона фаолият кўрсатаётир, жорий йилнинг ўтган даврида хорижий сармоя иштирокидаги 45 корхона рўйхатдан ўтказилди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳам аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Қува туманида янги барпо этилган “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма билан танишди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчиликни ривожлантириш, мева-сабзавотлар экспортини ошириш борасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида бугунги кунда бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, аграр соҳа маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишда салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Бу замин анорлари дунёга машҳур. Айни кунларда анорнинг серҳосил ва иқлим шароитига мос янги навларини яратиш, анорзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Фарғона анорчилик” агрофирмасида амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисолдир.

Анор етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш ва экотуризм хизматлари кўрсатишга ихтисослашган агрофирманинг умумий майдони 300 гектардан ошади. Шундан 289 гектарига 15 га яқин навли 272 минг тупдан зиёд анор кўчати экилиб, парваришланмоқда. Беш юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган. 2025 йилгача анорзор майдонини 2 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Анорзор тўлиқ ҳосилга киргач, йилига 10 минг тонна маҳсулот етиштирилади.

Агрофирмага 2018-2020 йилларда инвестиция тариқасида Исроилдан қадоқлаш, Италиядан маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, Нидерландиядан музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш мўлжалланмоқда. Натижада 2 минг 400 тонна шарбат, 3 минг 600 тонна сараланган анор доначалари, 4 минг тонна қадоқланган анор тайёрлаш имконияти яратилади.

Шу ернинг ўзида вилоятда агрологистика маркази, анорзорлар ташкил этиш, паррандачилик, чорвачилик, туячилик, балиқчилик, лимон, уруғлик картошка етиштириш, асаларичиликни ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Анор ҳар қандай камёб мева каби даромад манбаидир. Бугунги кунда мамлакатимизда анорчиликни биладиган мутахассис кам. Фарғона давлат университетида анорчиликни ривожлантириш кафедраси очиб, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш керак. Шунда бу соҳадан кўпроқ даромад олиб, маҳсулотни хорижга экспорт қилиш мумкин, деди Президентимиз.

Марғилон шаҳридаги “Наримтекс” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда. Корхона замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Бу ерда экспорт ҳажмини ошириш борасида доимий изланишлар олиб борилмоқда.

“Наримтекс” ташкил этилган 2008 йилда оддий тикув машиналарида хотин-қизлар кийимлари тикиларди. Мамлакатимизда тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар корхонани ривожлантириш имкониятларини кенгайтирди. 2012-2015 йилларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинди. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ва тикув машиналари келтириб ўрнатилди. Натижада корхона пальто, куртка, костюм, пиджак каби маҳсулотлари билан истеъмол бозорида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлди, янги иш ўринлари яратилди.

Ўтган йили “Наримтекс” 632 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 800 минг долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Президентимиз ишлаб чиқариш жараёни билан танишиб, тикувчи аёллар билан мулоқотда бўлди.

– Хотин-қизларнинг муносиб ҳаёт кечиришида кийиниш маданиятининг ўрни катта. Либоси ўзига ёқса, ярашса, аёл кишининг кайфияти яхши бўлади. Бундай чиройли ва бежирим, замонавий ва айни пайтда миллий менталитетимизга мос кийимларни кийган хотин-қизларнинг дунёқараши ҳам кенгаяди. Бу йўналишни ривожлантириш учун ҳамма шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Чунки аёлларни ҳаётдан рози қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз ички ва ташқи бозорда ўрин топиш учун маҳсулот ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жалб этиш, ишчи-хизматчиларнинг малакасини доимий ошириб бориш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари билан танишди.

Вилоятда хорижий сармояларни тўғридан-тўғри жалб қилишга қаратилган инвестициявий хаб ташкил этилмоқда. Хориждаги доимий офислар, биродарлашган шаҳарлар ва юртимиздаги чет эллик ишбилармонлар орқали бу хабга 161 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу маблағни янги корхоналар очиш ва мавжудларини модернизация қилишга йўналтириб, 2 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, мазкур инвестициявий хаб вилоятдаги эркин иқтисодий зоналар ва инновацион марказлар билан ҳам ишлайди.

Президентимиз бу тизимни такомиллаштириш, бундай хабларни бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш, иқтисодий барқарор корхоналарни кўпайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Фарғона вилоятидаги саноат корхоналарига инвестиция жалб этиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, ёшларнинг инновацион ишланмаларини қўллаб-қувватлашга оид лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Боғ майдони 16,7 гектар бўлиб, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган, гулзор ва майсазорлар ташкил этилган. Унинг марказида Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали ўрнатилган.

Шавкат Мирзиёев ижодкорлар боғини бориб кўрди. Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гул қўйди.

– Ушбу боғ ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айланиши керак. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитсин, – деди давлатимиз раҳбари.

Боғда, шунингдек, Эркин Воҳидов номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернати, Эркин Воҳидов мемориал музейи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими биноси, Нуронийлар маскани, турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 1500 ўринли амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари қурилган. Президентимиз таъбири билан айтганда, Марғилонда янги маънавият ўчоғи барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари мемориал музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Бу маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятда бир йилда икки марта Воҳидовхонлик кунларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев Нуронийлар масканида меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.

Президентимиз Олтиариқ туманидаги “Исмоил Нозим обод” фермер хўжалигида бўлиб, мазкур хўжалик мисолида Фарғона вилоятида пахта ва ғалладан олинадиган ҳосилни кўпайтириш ва такрорий экин экиш бўйича амалга ошириладиган ишлар билан танишди.

2006 йили ташкил этилган мазкур хўжалик 60 гектарда деҳқончилик қилади. Қишлоқ хўжалигида яратилаётган имкониятлар, фермер хўжаликларини ёнилғи-мойлаш материаллари, маблағ ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизими изчил йўлга қўйилаётгани натижасида жорий йилда 30 гектар ғалла майдонидан 85-90 центнердан ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, 30 гектар ерда ғўзанинг «Наманган-77» нави парваришланмоқда.

Давлатимиз раҳбари пахта даласини, ғалла ўрим-йиғимининг боришини кўздан кечирди. Вилоят деҳқон ва фермерлари билан ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб олиш, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан мулоқот қилди.

Қишлоқ хўжалиги учун мураккаб келган жорий йилда фермерлар олдида сувдан омилкорлик билан, тежамли фойдаланиш, такрорий экин экиладиган майдонларни тўғри белгилаш ва ҳосилдорликни ошириш, уруғ сифатини яхшилаш бўйича долзарб вазифалар турганини таъкидлаб, мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Шавкат Мирзиёев Олтиариқ тумани Қапчиғой маҳалласидаги «Smart kids» нодавлат мактабгача таълим муассасасини бориб кўрди.

Давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга туширилган ушбу боғча 210 ўринга мўлжалланган. Кичкинтойларни ҳар томонлама ривожлантирадиган ўйинчоқ ва инвентарлар билан жиҳозланган. Бугунги кунда Фарғона вилоятида 38 та шундай замонавий мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда.

Шу ерда мамлакатимиз мактабгача таълим тизимида татбиқ этилаётган Интеграциялашган мониторинг электрон тизими тақдимоти ўтказилди. Бу тизимда ҳар бир боланинг туғилишидан то вояга етгунга қадар бўлган ҳолати, соғлиги, улғайиши, ўзлаштириши ҳақида маълумотлар жамланади. Шунингдек, унда тарбиячилар, боғчалар, уларга эҳтиёж тўғрисида ҳам барча ахборотлар бўлади.

– Бу таълим-тарбия тизимининг асоси, ўзига хос ойнаси, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ундаги маълумотларни кузатиш, таҳлил қилиш орқали таълим-тарбияда нималарга эътибор беришимиз кераклигини аниқлаймиз. Бизнинг фарзандларимиз энг яхши, замонавий шароитларга муносиб.

Президентимиз ушбу электрон тизимни маълумотлар билан тўлдириш, уни таълимнинг кейинги босқичларида ҳам қўллаш бўйича топшириқлар берди.

Шу куни Олтиариқ туманида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт соҳаларини такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.


ЎзА

 

  13.06.2018, 07:29  |    42 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!