Сўз конференция иштирокчиларига. Фикрлар хилма хил, лекин мақсад бир

Тошкентда илк бор ташкил этилган «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзуидаги халқаро конфенренция хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасаларнинг 100 дан зиёд вакилларини жамлади. ЎзА мухбирлари иштирокчиларнинг анжуман кун тартибига қўйилган долзарб масалаларга оид фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ САФОЕВ:

– Сўнгги йилларда терроризм ва экстремизмга қарши курашишда куч ишлатиш усули ўзини оқламаяпти. Таъкидлаш керакки, терроризмга оид низоларнинг замирида жаҳолат ва адоват ётибди. Жаҳондаги қуролли тўқнашувларда 18 ёшгача бўлган 300 мингдан ортиқ ёш жангари иштирок этмоқда. Уларнинг 80 фоизи 15 ёшдан ошмаган. 2000 йилда террорчи ташкилотларга аъзо бўлганларнинг ўртача ёши 28 ни ташкил этган бўлса, ҳозир уларнинг аксариятини 20 ёш атрофидагилар ташкил қилмоқда. Сайёрамиздаги ёшлар ўртача 2 миллиардни ташкил этишини инобатга олсак, бу жуда катта, долзарб муаммо.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналиши ёшларнинг онги ва мафкурасини тўғри шакллантиришдан иборат. «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» мавзуидаги халқаро конфенренция мамлакатимизда ёшлар онги учун кураш энг асосий вазифа эканини яна бир бор яққол намоён этади.

БМТнинг Истанбулдаги минтақавий офиси кластер раҳбари Шелли ИНГЛИС:

– Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишда БМТнинг махсус резолюциялари қабул қилинган. Фаолиятимизнинг ҳуқуқий асосини ана шундай ҳужжатлар ташкил этади. Бугун биз бу иллатнинг олдини олишда ҳар бир мамлакат миқёсида миллий ҳаракатлар дастурларини ишлаб чиқишга эътибор қаратмоқдамиз. Боиси, бир макон ва даврда яшаётганимизга қарамасдан халқлар ва давлатлар маданияти, тили, дини ва ҳаёт тарзида фарқ-тафовут, ўзига хосликлар мавжуд. Тажовузкор экстремизм ва радикализм таъсирига тушиб қолаётганлар ҳам турли дунёқарашга эга. Ҳозирги кунда 15 дан зиёд мамлакат ўзининг миллий ҳаракатлар дастури ва стратегиясини ишлаб чиққан. Бундай дастурлар муаммони ечишга индивидуал ёндашувларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда муҳим восита бўлади.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси аъзоси Юй ЧЖЕГАН:

– Халқаро террорчилик ташкилотларининг тажовузкорлиги ошиб бормоқда. Террорчилар оммавий қирғин қуролига эга бўлишга интилмоқда, ўз мақсадлари йўлида юқори технологияларнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланмоқда, фаол тарғибот олиб бориб, жангарилар сафини кенгайтирмоқда. Бундай таҳликали вазиятда алоҳида бир мамлакат терроризм ва экстремизмга қарши кураша олмайди. Демак, халқаро ҳамкорликсиз тинчлик ва хавфсизликни таъминлаб бўлмайди.

Сўнгги беш йилда Хитой ўз ҳудудида миллий қонунчилик асосида терроризм ва экстремизмга қарши изчил кураш олиб бормоқда. Шу билан бирга айни йўналишдаги халқаро ҳамкорликда фаоллик кўрсатмоқда. Мамлакатимиз терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича 12 та халқаро конвенцияга қўшилган.

Сан Пабло университети профессори Антонио АЛОНСО (Испания):

– Ўз мамлакатим тажрибасига тўхталадиган бўлсам, Испаниянинг миллий хавфсизлик стратегияси Европа Иттифоқи хавфсизлик стратегияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2178 сонли резолюциясига асосан ишлаб чиқилган. Мамлакатимизда бир неча тамойилга асосланиб терроризм ва экстремизмга қарши кураш олиб бормоқда. Бу терроризмнинг олдини олишдир. Айни йўналишда механизм шакллантирилган бўлиб, амалга оширилаётган тематик лойиҳалар, ахборот хавфсизлиги бўйича ташкилотлар ҳамкорлиги, тарғибот ва ташвиқот ишлари, ишонч телефонлари унинг асосий мурватларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ:

– Дунёда терроризм хавфи кучайиб бораётган бир вақтда бу каби кенг кўламли ва аниқ мақсадли тадбирнинг ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Шу боис мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятимизни давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда олиб бормоқдамиз. Бугун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 10 миллиондан ортиқ йигит-қизни ўз атрофига бирлаштирган. 2017 йили 50 мингдан зиёд йигит-қиз ташкилотимиз кўмагида уйли бўлди. Бу давлатимизнинг ёшлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва муносиб турмуш кечириши учун етарли шароит яратиб бериш борасидаги интилишларини акс эттиради.

Айрим ёшлар қайсидир сабабларга кўра хорижга кетмоқда. Миграция натижасида бегона тил ва маданият билан юзланган авлод биринчи навбатда экстремистлар таъсирига тушиб қолиши ҳаммамизга маълум. Энг муҳим масала – хориждаги ана шу ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, улар турли хавфли гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишдир. Ёшларига эгалик қила олган мамлакат уларнинг муносиб келажагини таъминлай олади. Ўзбекистонда хориждаги ёшлар билан ишлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

«Россия ёшлар иттифоқи» Умумроссия ташкилоти раиси ўринбосари Татьяна СЕЛИВЕРСТОВА:

– Дунё тез ривожланмоқда. Шиддатли тараққиётга ҳамоҳанг равишда мамлакатимизда кўплаб соҳалар ислоҳ қилинмоқда. «Россия ёшлар иттифоқи» ана шундай ўзгаришларга тез мослашиб, ўз ўрнини мустаҳкамлаб келаётир.

Бугунги кунда ташкилотимиз аъзолари сони 4 миллионга етган. Давлат ва жамоат тузилмалари, оммавий ахборот воситалари бизнинг яқин ҳамкорларимиздир. Дўстларимиз орасида машҳур сиёсатчилар, олимлар, шоу-бизнес вакиллари бор. Улар билан ҳамкорликда терроризмга қарши курашда ёшларни ватанпарварлик ғоялари асосида тарбиялаш, ўзига ишончини мустаҳкамлаш ва жамият тақдирига дахлдорлик туйғуларини уйғотишга ҳаракат қилмоқдамиз. Йигит-қизлар тажовузкор экстремизм домига тушиб қолишининг олдини олишга хизмат қиладиган турли лойиҳалар, кенг кўламли акциялар, спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси таркибидаги Терроризмга қарши кураш марказининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Кангинг ГО:

– Таъкидлаш керакки, бугунги кунда БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ташкилот фаолиятини ёшларга мослаб ислоҳ этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Сир эмаски, бугун ёт ғоялар тарафдорлари ўз «ўлжаси»ни асосан кибермакондан ахтаради. Негаки, интернет фойдаланувчиларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Демак, терроризм ва экстремизмга қарши курашда биринчи ўринда айнан рақамли тарғиботни кучайтириш лозим.

Ёшлар ўртасида терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш оиладаги муҳит ва ота-она назорати ҳам муҳим ўрин тутади. Эътироф этиш керакки, Марказий Осиё минтақасида асрлар оша сайқалланиб келаётган оилавий қадриятлар ва тарбия анъаналари бу борада дунё давлатлари учун ибрат намунасидир.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир ШУКУРОВ:

– Бугунги кунда интернет фойдаланувчиларининг ўртача ёши 24. Демак, терроризмга қарши курашишда ёшларни экстремизм ғоялари сингдирилган янгиликларни танқидий ёндашган ҳолда ўқиш ва муҳокама қилишга ўргатиш масаласи кун тартибига чиқиши лозим.

Айни масалани Ўзбекистон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, таъкидлаш керакки бу борада мамлакатимизда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Қабул қилинган 10 дан ортиқ қонун ва 30 га яқин қонуности ҳужжатларига мувофиқ оммавий ахборот воситаларидан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

 

Малоҳат Ҳусанова, Улуғбек Шоназаров, ЎзА