Руҳинг бутун бўлсин, болажон ёхуд болалар қўшиқчилиги бугун қай аҳволда?

Болалик инсон ҳаётининг оппоқ тонгига ўхшайди. Умрнинг беташвиш, қувноқ бу даврини ким ҳам соғинмайди, тушларида кўрмайди, дейсиз.
Айниқса, мурғак юрагимизга муҳр каби ўрнашиб, ўзининг ёруғ изларини қолдирган – болалигимизда эшитган ва айтиб юрганимиз, бола қалбимизга мос ва хос қўшиқлар ҳамон хотирамиз кенгликларида насимдек тебраниб, кўнгилга чексиз бир ҳузур бахш этаверади. Ўзимиз ҳам улғайиб, тинглайдиган, эшитадиган қўшиқларимиз ҳам гарчи анча “улғайган”, “ўсган” бўлса-да, барибир болаликдаги ўша қадрдон, жонбахш оҳангларни соғинаверамиз.
24092009478-1024x768.jpg
Бугун боғча, мактаб ёшидаги болажонларнинг ҳар хил байрам тадбирларида гоҳ ажнабий, гоҳ ўзбек тилида қўшиқларни берилиб куйлаётганини кўрсам, беихтиёр ўша беғубор, мусаффо кунларим, болаликдаги қўшиқлар ёдимга тушаверади…
Айни болалар қўшиқчилиги қандай аҳволда эканлигини билиш учун Худойберди Тўхтабоевнинг Ҳошимжони кийган сеҳрли шапкачани кийиб кўзга кўринмасдан боғча, мактаб ёки коллежларга бориш ҳам шарт эмас. Ҳаммаси кўз ўнгимизда содир бўлаяпти, фарзандларимиз биз кутмаган, биз истамаган манбалардан маънан “озиқланаяпти”, тезда «улғайиб» қолаяпти.
Ўйлаб қоламан, ҳаётимизнинг гулчечакларини эртаклар олами –ариқларида сув ўрнига сутлар оқадиган сеҳрли диёрдан жуда эрта мосуво қилмаяпмизми?!
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонованинг болалар қўшиқчилиги ҳақидаги фикрлари бизни қизиқтирди:
– Партиямиз мамлакатимизда мусиқа таълимининг ҳақиқий аҳволи, навқирон авлодни юксак маънавиятли этиб камол топтиришдаги ўрнини ҳисобга олиб, 100 га яқин таълим муассасасида болалар билан очиқ мулоқотлар ташкил этди. Республика бўйича 1000 нафарга яқин 3 ёшдан 16 ёшгача бўлган бола билан олиб борилган мулоқот уларнинг аксарияти болалар мусиқий таълими дастурларидан ўрин олмаган қўшиқларни эшитиши, энг аввало, хорижий эстрада хонандаларининг 30 га яқин қўшиғини севиб тинглашини кўрсатди. Шунингдек, жойларда танлов асосида ўрганилган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари байрам дастури тасвири туширилган видеолавҳаларда рэп, поп йўналишидаги ва паст савиядаги “қўшиқлар”дан кенг фойдаланилиши бизни жиддий ўйлантириб қўйди.
 
Ойлар давомида кузатишларимиз шуни кўрсатдики, аксарият умумтаълим мактабларида фортепиано бўлса-да, у носоз аҳволда. Чунки ундан ашула дарси машғулотлари давомида фойдаланилмайди. Таълим дастурида ўзбек халқ мусиқа чолғулари ҳақида маълумот бўлса-да, рубоб чолғусидан ташқари бошқа чолғулар тақчиллиги аниқланди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Болажон” телеканалида “Катта танаффус”, “До-ми-соль”, “Ширинтойлар-кичкинтойлар”, “Наво” телеканалида эса “Илҳом қанотлари”, “Юлдузча” кўрсатувлари эфирга узатилса-да, уларнинг ҳеч бири қирқ йилдан ортиқ вақт мобайнида эфирга узатиб келинган “Булбулча” ашула ва рақс ансамбли томонидан тақдим этилган “Қўшиғим, жон қўшиғим” кўрсатуви каби оммалашмаган. Қолаверса, айни пайтда болалар мусиқий таълимининг пойдеворига асос солган ва болалар учун катта маънавий рағбат бўлиб хизмат қилган “Булбулча” ансамблининг чиқишлари охирги икки йил мобайнида тўхтатилган. Ҳатто, 2017 йил 1 июнда “Истиқлол” санъат саройида ансамбль намойиш этган ҳисобот концерти “Болажон” телеканали томонидан ёзиб олинган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра эфирга узатилмаган.
Айни кунда мамлакатимизда 312 та болалар мусиқа санъат мактаби фаолият юритиб, уларга 87 107 нафар ўқувчи қамраб олинган. Агар умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг сони 5 248 484 нафар эканлигини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич атиги 1,65 фоизни ташкил этишини кўриш мумкин.
Айтиб ўтишни жуда истардимки, Республикамизда ярим аср мобайнида болалар қўшиқчилик санъатини тарғиб қилиш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган, мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида профессионал санъатни тарғиб этишнинг таъсирчан воситасига айланган “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг бугунги ҳолати ва фаолияти ўрганилганда, ачиниб кетасан киши. Энг муҳими, жамоанинг болалар қўшиқларида миллий оҳанг устувор аҳамият касб этиб, болаларни бағрикенглик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган. Ўртача олганда бир йилда 50 дан зиёд болалар қўшиғи ўз соҳасининг етук ижодкорлари (Ўзбекистон бастакорлари Рустам Абдуллаев, Ҳабибулло Раҳимов, Надим Норхўжаев, Аваз Мансуров, шоирлар Анвар Обиджон, Раим Фарҳод каби) томонидан яратилган.
Маълумот ўрнида: 1970 йилда ташкил этилган ҳамда Марказий Осиёда ягона саналган, Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги катта болалар хори мақомини олган “Булбулча” ашула ва рақс ансамбли нафақат мамлакатимизда, балки халқаро нуфузга эга бўлган Франция, Хитой, Туркия, Россия, Болгария, Белорусия, Украина, Конго, Финландия, Латвия, Литва, Эстония, МДҲга аъзо давлатларда ўзбек санъатини муносиб намойиш этиб, 50 га яқин турли даражадаги мукофотларга сазовор бўлган. Шунингдек, жамоа 100 га яқин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, бастакорлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, турли илмий даражадаги соҳа мутахассислари, хусусан, Севара Назархон, Илхом Фармонов, Дилфуза Раҳимова, Анвар Санаев, Фарҳод Саидов, Исроил Саидумаров, Шуҳрат Зокиров, санъатшунослик фанлари номзоди, мусиқашунос Ирода Дадажонова, иқтисод фанлари доктори Шоира Жабборова, мусиқа фанлари доктори, хор дирижёри, айни кунда АҚШда дирижёрлик фаолиятини олиб бораётган Бурхон Бўриев каби таниқли ижодкорлар шу бағрикенг жамоада вояга етганлар. Бундан ташқари, “Булбулча” жамоаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари раҳбар кадрларининг янги авлодини етишиб чиқишига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.
 
Жамоа фаолияти давомида Ўзбекистон радиоси “олтин фонди”га киритилган 1000 га яқин болалар қўшиқлари миллионлаб ёшларни мусиқий саводини чиқаришга хизмат қилган.
 
Ансамблнинг бадиий раҳбари Шермат Ёрматовнинг ижодий синчковлиги ва изланувчанлиги натижасида республикамизда оммавий равишда илк бор мактабларда мусиқали-хор синфларининг ташкил қилинишига эришилди. Мусиқали-хор синфининг ўзига хослиги шунда эдики, унда биринчи марта академик ва ўзбек миллий қўшиқчилиги анъаналари мужассам этган янги ижрочилик йўналиши шакллантирилди.
Аваз Мансуров, профессор, Ўзбекистон Давлат консерваторияси проректори, болалар бастакори:
– Бугунги болалар қўшиқчилигининг ривожини, денгиз тўлқинларига ўхшатаман. Қирғоққа келиб урилади, ва яна ўз майлига орқага қайтиб кетади. Болалар қўшиқчилигидаги ўтган йиллар депсинишини тўлқин қайтган йилларга қиёслаш мумкин деб ўйлайман. Энди бу борада, асосий хатоликлар тарғибот ташвиқот йўқлигининг натижаси. Аслида, болаларимизни тарбиялашга хизмат қиладиган қўшиқларимиз кўп. Олдин ҳам ёзилган, ҳозир ҳам ёзилаяпти. Бу борада радио телевидениенинг ҳам ўрни жуда зарур! Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралса, тарғибот жуда ҳам муҳим эканлиги ўз ўзидан аён бўлади. Илгарилари мана шу қўшиқлар нота тўпламлари қилиб чиқариларди ва бутун мактабларга боғчаларга тарқатиларди. Методик бўлимлар тавсияси билан мусиқа ўқитувчилари ўзлари ўрганиб, кейин болаларга ўргатишарди. Ҳозирчи… Очиғи мусиқа ўқитувчисининг ўзи мусиқий таълимга муҳтож.
Техника асри юксалишнинг қанчалик юксак чўққисига чиқмасин, руҳ эврилишларининг олдида ҳеч нарсадир, дейди атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов. Болаларимизнинг маъсумлигида қалбига кўчган оҳанглар уларнинг маънан ўсишида, руҳан юксалишида ўз таъсирини кўрсатмасдан иложи йўқ. Бу борада эса фарзандларимизнинг болаликда эшитган, айтиб юрган қўшиқлари жуда катта рол ўйнайди.
Энг муҳими, фарзандларимиз бугун айтаётган, эшитавериб тобора шуурига сингиб бораётган бу қўшиқлардан ўз идеал қаҳрамонини яратади, келажаги сари йўл солади. Биз эса умримизнинг мазмуни бўлган фарзандларимизга дунёдаги эзгу неъматларнинг энг аълосини, олам яралмасдан аввал яралган сўзлар маржонининг дуру гавҳарини, бир умр ҳаёт йўлларида йўлчиюлдуз бўладиган энг ҳикматли, сеҳрли сўзларни, ўргатишни, айттиришни, юқтиришни жуда ҳам истаймиз. Лекин фақат истакнинг ўзигина етарли эмаслигини, ҳар қандай баркамоллик, энг аввало, ўзимиздан, оиладан, ота-онадан бошланишини сира унутмаслигимиз керак.
Ва бугунги кунда деярли унутилаёзган ҳолга келган болалар қўшиқлари истиқболига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг, қолаверса, соҳа мутасадди вакилларининг фикр мулоҳазаларини билдиришидан умидвормиз.

 

Озода Бекмуродова, ЎзА