Фламинго қушларининг келиши кўпаймоқда

Қорақалпоғистоннинг Судочье, Жалтирбас кўлларини макон тутган, қушларнинг миграция даврида учиб келиб дам оладиган фламинго қушларини Нукус шаҳри атрофида ҳам учратиш мумкин. Жорий йил баҳор ойида Нукус шаҳри яқинидаги Котлован деб номланувчи ҳудуддаги кичик кўлларга фламинго қушлари тўдаси кела бошлади.
– Мен 20 йилдан буён шу ерда яшайман. Қушларнинг ҳар хил турларини кўрганман. Лекин бу ҳудудда шу йили биринчи маротаба фламинго қушлари тўдаси пайдо бўлди, – дейди Трофим исмли фуқаро. – Ҳозирда у қушлар тўдаси учиб кетди, лекин иккитаси қанотидан ярадор бўлганлиги учун тўдадан ажралиб қолган.
9.jpg
Қизилқум қўйнидаги Нукус шаҳрига 27 километр узоқликда жойлашган ушбу сўлим манзарали табиат қўйнида қушлардан ёввойи ғоз, ўрдак, қашқалдоқ, бирқозон, ҳайвонлардан тулки, қўёнларни кўплаб учратиш мумкин. Фламинголар эса аввал бу жойларга келмаган.
11.jpg
– Маҳаллий тилда қизилғоз деб номланувчи фламинго қушлари Судочье ва Жалтирбас кўлларидан ташқари, Қорақалпоғистоннинг яна бир неча ҳудудида – Возрождение ороли, ғарбий Қоратеран кўли, Шегекўл (Междуречье сув сақлагичи), Сариқамиш кўли, Амударёнинг ўнг қирғоғи, Ақчадарё (Хитойқазған) каналлари бўйларида ва бошқа жойларда ҳам учрайди, – дейди орнитолог олим Якуб Аметов. – Улар Қорақалпоғистонга узоқ сафар олдидан озиқланиш учун қўнишади. Лекин қорақалпоғистонлик орнитолог олимлар 2014 йилда Судочье кўллари тизимида олиб борган тадқиқотлар вақтида фламингонинг катта уяловчи колониясини топган эди.
15.jpg
Фламингонинг асосий озуқаси майда қизил артемия ва унинг тухуми (цистаси) саналади. Бундан ташқари, фламинголар моллюскалар, ҳашарот личинкалари ва қурт-қумурсқа билан ҳам озиқланади. Улар озуқасини сувнинг саёз жойларидан қидиради. Фламинго уялаган сувида озиқланиши ҳам мумкин, лекин озуқа кам бўлса, бошқа жойга учиб бориб (30-40 ҳатто 50-60 км.) яна қайтади.
Энг қизиғи, фламинголар ушбу артемиялар билан озиқланиб, танасига ёғ йиғади, натижада пушти рангга кира бошлайди. Улар айниқса, кўпайиш вақтида пушти рангга кириб жуфти ҳалолини топиш, мафтун қилиш мақсадида артемияни кўпроқ тановул қилади.

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА