04.jpg
 
Жорий йилнинг 8–9 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 18-саммити дунё жамоатчилиги ва экспертларининг диққат эътиборига кўчгани бежиз эмас. Чунки бу гал ташкилот биринчи марта саккизлик таркибида ўз мажлисини ўтказди.
06.jpg
 
Абдували Сойибназаров,
сиёсий шарҳловчи 
ЎзА учун махсус
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти қисқа вақт ичида улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган ва нуфузли халқаро тузилмага айланди. Халқаро жамоатчилик ШҲТ саммити ишини диққат билан кузатаркан, ташкилотнинг ғоят қисқа давр ичида мустаҳкам оёққа туриб олганига, дунёда юз бераётган воқеаларга фаол муносабати, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий йўлига ишонч ҳосил қилмоқда, дея айтиш мумкин.
Жорий йилнинг 8–9 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 18-саммити дунё жамоатчилиги ва экспертларининг диққат эътиборига кўчгани ҳам бежиз эмас. Зеро, бу гал ташкилот биринчи марта саккизлик таркибида ўз мажлисини ўтказди. Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон билан бир сафда Ҳиндистон ва Покистон тенг ҳуқуқли аъзолар сифатида иштирок этди. Агар ШҲТ ишида тўртта кузатувчи (Афғонистон, Белорусь, Эрон ва Мўғилистон) ва мулоқот бўйича шерик сифатида олтита (Арманистон, Камбожа, Непал, Шри-Ланка ва Туркия) давлатлар иштирок этаётганлиги ҳам ташкилот нуфузи тобора ортиб бораётгани, унинг фаолияти амалий натижалар бераётганидан далолат беради. Ёдингизда бўлса, бир йил муқаддам Туркия президенти Ражап Тойиб Эрдоған расмий Анқара ШҲТга қўшилишни Европа Иттифоқига аъзоликка нисбатан реал муқобиллик деб атаганди. Унинг фикрича, 53 йилдан бери Туркиянинг ЕИга қўшилиши жараёни чўзиб келаётгани боис ШҲТ таркибида ишлаш бирмунча қулайроқ.
05.jpg
Бугун ШҲТга аъзо давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 20 фоизини, аҳолининг 43 фоизини ва ер юзи ҳудудининг 23 фоизини қамраб олган. Ташкилотнинг энг таъсирчан аъзолари бўлмиш Россия ва ХХР ташкилотнинг нуфузини ошириш йўлида Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини бирлаштирди. Осиёнинг қудратли давлатларидан ҳисобланган Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши қитъадаги оловли нуқталарнинг яна биттага камайишига, яъни улар ўртасидаги низоларнинг барҳам топишига, сайёрамиздаги террорчилик таҳдидларининг камайишига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилиши мумкин.
Без названия.jpg
Агар ШҲТ доирасида қабул қилинган қарорлар аъзо мамлакатлар томонидан тўла маъқулланган тақдирдагина кучга кириши ва бу муносабатлар кўп томонлама келишувлар орқали мустаҳкамланишини назарда тутсак, ШҲТнинг қисқа давр ичида катта обрў-эътибор қозонишига сабаб бўлган омилларни англагандек бўламиз. Ташкилот ўз низомида белгиланганидек, айни кунда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт коммуникацияси, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолатдир.
ШҲТ атрофидаги ҳамжиҳатлик қабул қилинаётган сиёсий баёнотларда ҳам яққол намоён бўлаётир. Олайлик, Эроннинг ядровий келишуви борасида эришилган халқаро аҳдномаларни сақлаб қолиш, Сурия ва Корея ярим оролидаги вазият хусусидаги якдиллик бунга мисол бўла олади. АҚШ президенти Доналд Трампнинг Хитой ва Россияни рақобатчи давлатлар сифатида эътироф этиши, “катта еттилик” саммитида Россияни клубга қайтариш вақти келганлиги ҳақида баёнот бериши ҳам бежиз эмас.
ШҲТ доирасида хавфсизлик соҳасида кўпқиррали механизмлар яратилган. Бу ўринда 2001 йилда имзоланган террорчилик, айирмачилик ва экстремизмга қарши кураш ҳақидаги Шанхай конвенциясини назарда тутаяпман. Унинг доирасида 2005 йили ахборот алмашиш ва қўшма аксилтеррор тадбирларини ўтказаётган Минтақавий аксилтеррор тузилмалари ташкил этилганди. Эътироф этиш жоиз, ШҲТ ўшандан бери 600га яқин террорчилик ҳужумларининг олдини олди, 500 нафардан зиёд террорчи ўз юртларига экстрадиция қилинди.
2014 йилнинг январида Тошкентда ШҲТ Аксилтеррор марказининг очилиши мамлакатимизга бўлган ишончнинг, террорчиликка қарши курашда илғор мамлакатлардан бири эканлигининг тасдиғи бўлди. Ўтган йили Остона шаҳридаги Давлатлар раҳбарларининг Кенгашида экстремизмга қарши кураш бўйича Конвенция имзоланди. 2017 йилнинг охиригача ШҲТ “Тинчлик миссияси” ва “Тян-Шан” шартли номдаги ўндан зиёд қўшма аксилтеррор машқларини ўтказди.
64464_555_343.jpgЎтган йили ташкилотга Покистон ва Ҳиндистон қабул қилинганидан кейин Кашмир ҳудудий можаросини ечиш ва Ҳиндистоннининг: TAPI (Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон) ҳамда IPI (Эрон — Покистон — Ҳиндистон) энергетик қувурларини қуриш ва CASA-1000 (Марказий Осиё — Жанубий Осиё) лойиҳасини амалга ошириш йўлида ноёб имконият пайдо бўлди. Бироқ бу Ҳиндистоннинг “Бир макон, бир йўл” номли Хитой лойиҳасига нисбатан ижобий позицияси зарур. Афсуски, расмий Деҳли бу масалада ҳозирча шошаётгани йўқ.
Шубҳасиз, Ҳиндистоннинг ШҲТ сафидан ўрин олиши ташкилотдаги кучлар мувозанатини ёки у ёки бу давлатнинг Марказий Осиёда ҳукмронлик ўрнатишига йўл бермайди. Покистонга келадиган бўлсак, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши кўп жиҳатдан Исломободга боғлиқ. Афғонистон келажаги калити кўпроқ Покистон қўлида десак, янгилишмаган бўламиз. Айнан ШҲТ платформаси, айниқса, мудофаа секторида аъзо давлатлар жафокаш афғон халқининг кўплаб муаммоларини ечиш учун қўшма стретегия ишлаб чиқишлари эҳтимолдан узоқ эмас.
ШҲТнинг Циндаодаги 18-саммитида ХХР ташкилотни ривожлантириш борасида ўзининг беш йиллик режасини тақдим этди. Мажлис кун тартибидаги асосий масалалардан бири – “Бир макон, бир йўлак” лойиҳасига катта эътибор қаратилди. Ғарбда ушбу лойиҳа Хитойнинг ўз “империяси”ни кенгайтиришга қаратилган режа дея танқид қилинмоқда. Аммо ташаббус “Ипак йўли” бўйидаги давлатлар ўртасида иқтисодий ва транспорт-коммуникацион алоқаларни кенгайтириш ва осмоности мамлакатининг ички минтақаларини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Лойиҳада иштирок этиш ёки қатнашмаслик ҳар бир мамлакатнинг ўз иши.
ШҲТ, аввало, ўзининг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда Евроосиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашнинг ишончли кафолати сифатида майдонга чиқмоқда, дунё тез ўзгарувчан, нотинч бўлиб турган ҳозирги замонда бу ғоят муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, бу ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама самарали ҳамкорликни ташкил этиш борасида қўйилаётган ва бажарилаётган вазифалар, бунинг учун зарур шартномавий-ҳуқуқий асосни шакллантириш ва ҳар бир мамлакат учун аҳамиятли бўлган йирик лойиҳаларни амалга оширишдир. Учинчидан, ШҲТ давлатларнинг тенг ҳуқуқли бирлашмаси бўлиб, унинг фаолияти бошқа мамлакатларнинг манфаатларига қарши қаратилмаган ва қарама-қаршилик қиладиган блок хусусиятига эга эмаслиги яққол намоён бўлмоқда.
Ташкилот доирасидаги яна бир устувор йўналиш бу шубҳасиз, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш масаласидир. Кузатувчиларнинг фикрича, ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ташкилотнинг Ишбилармонлик кенгаши, Саноатчилар ва ишбилармонлар форуми, Банклараро бирлашма каби тузилмалари самарали фаолият олиб бораётгани ҳам шундан далолатдир.
Тан олиш керак, Ўзбекистон ШҲТ доирасида иштирокчигина бўлиб қолмай, ўзининг амалий таклиф ва ташаббуслари билан қатнашмоқда. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлашга доир муҳим ташаббусларни илгари суриши эътирофга лойиқ.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Жорий йил бошидан Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдоси ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошди. Лекин бу мавжуд имкониятларимизнинг чеки эмас”.
Шу сабабли Ш.Мирзиёев товар айирбошлашни янада ўстириш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда “яшил йўлаклар” тармоғини кенгайтириш таклифини илгари сурди.
ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги, бу борада “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шу сабабли мамлакатимиз Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой, Мозори Шариф – Ҳирот темир йўлларини қуриш, шунингдек, Марказий Осиё – Форс кўрфази, Шимол – Жануб ва Шарқ – Ғарб трансминтақавий йўлакларни ривожлантириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда. Бу ишларнинг амалга оширилиши ШҲТга аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, ҳамкорлик қайси соҳага тегишли бўлишидан қатъий назар, алал-оқибат миллий ё минтақавий, шу билан бирга, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий хавфсизликнинг мустаҳкамланишига олиб келади.