Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда АҚШнинг Халқаро ривожлантириш агентлиги (USAID) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
USAIDнинг Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш лойиҳаси доирасида имзоланган меморандум ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи доирасида адлия вазири эришган келишувларининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Меморандум янги ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга асос бўлади. Уч йилга мўлжалланган меморандумни амалга ошириш жараёнида янги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик кадрлар малакасини ошириш, шунингдек Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланишига қулай ҳуқуқий замин яратишга қаратилган лойиҳалар молиялаштирилади. Ушбу мақсадлар учун 12 миллион АҚШ доллари сарфлаш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Адлия вазирлигининг халқаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи, БМТнинг Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси, Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Туркия ҳамкорлик ва ривожлантириш агентлиги, шунингдек Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан келишувларга эришилди.
Келишувлар доирасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни, хусусан, адвокатурани ривожлантириш, нотариат ва ФҲДЁ органлари тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек норма ижодкорлиги жараёнига хорижий экспертларни жалб этишга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

ЎзА