Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмасида қувват берувчи (энергетик) ичимликларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, унинг истеъмоли ва ишлаб чиқарилишини тартибга солишга бағишланган акция ўтказилди. 
Миллий Тикланиш партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган акция доирасида хўжайлилик кўнгилли фуқаро Айбек Боранбаевда тиббий текширув ўтказилди.
Ушбу ичимлик истеъмолидан олдин ЭКГ таҳлили ва қон босими ўлчанганида ҳаммаси меъёрида экани қайд этилди.
Энергетик ичимликни истеъмол қилганидан сўнг бир оз муддат ўтгач, шифокорлар қайта текширувлар олиб борди. Натижада Айбек Боранбаевнинг қон босими ошган, юрак фаолияти тезлашганлиги аниқланди.
–Акцияни ўтказишдан асосий мақсад энергетик ичимликларнинг инсон саломатлиги учун хавф туғдириши эҳтимоли юқори эканлигини фуқароларимизга, айниқса ёшларга тарғиб қилидан иборат, – дейди партиянинг матбуот котиби Мирзахмет Тажимуратов. – Маълум бўлишича, таркибида кофеин миқдори кўп бўлган энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллаштирувчи моддаларни тез-тез қабул қила бошлар экан.
Тиббий текширувни ўтказган шифокорларнинг таъкидлашича, энергетик ичимликларнинг инсон организмига таъсири тўғрисида бошқа давлатларда ҳам қатор тажрибалар ўтказилиб, дунё олимлари ёшларни узоқ йиллар назорат қилиб борган.
Жумладан, энергетик ичимликларга ўрганганлар бошқаларга нисбатан меъёридан ортиқ алькогол ичишни ва қўзғатувчи моддалардан фойдаланишни бошлар экан.
Тиббиёт мутахассисларининг маълумотларига қараганда, қувватбахш ичимликларнинг артериал босим ва қондаги қанд миқдорини ошириши, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариши, юрак урушининг меъёрини издан чиқариш эҳтимоли юқори эканлиги кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, энергетик ичимликларнинг зарарли жиҳатларини инсон ҳаёти, айниқса, ўсмир-ёшлар саломатлигига ўта хавфли таъсири борлигини янада яққолроқ намоён этади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА