Кейинги беш йил учун ўттизга яқин лойиҳа амалга оширилиши маъқулланди

“Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро конференцияда бир қатор лойиҳаларни бажаришга келишиб олинди.
– Унда Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириш учун 26 лойиҳа маъқулланди, – дейди Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари С.Сангинов.– Бунинг учун 6 миллиард сўм, қарийб 13 миллион евро ва 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилади. Бу лойиҳаларнинг асосий қисмини Орол муаммоларининг аҳоли ҳаётига таъсирини бартараф этиш, қўриқлаш ҳудудларини кенгайтириш, биохилма-хилликни сақлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган.
Хорижлик ҳамкорларнинг кўплаб лойиҳалари қаторида ўзбекистонлик вакилларнинг ҳам бир қатор таклифлари бор.
– Оролбўйи иқтисодий ўсишининг учта нуқтаси аниқланди, – дейди Давлат рақобат қўмитаси тадқиқотлар маркази директор ўринбосари Улуғбек Камоллиддинов. – Биринчидан, саноатга фойдали ресурсларни жалб этиш, мисол учун, минерал хом ашёлар, углеводородлардан фойдаланиш. Иккинчиси, қишлоқ хўжалигига интенсив технологияларни жорий этиш. Хусусан, аквапоника, бунда гуручни экиб, у ўсгунча орасида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш. Кейингиси, қўшни мамлакатлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳамкорликда сайёҳликни ривожлантириш.
Хўш, бу қандай бўлади? Туркманистоннинг Дошовуз, Қўҳна Ургенч шаҳарларидан Ўзбекистоннинг Нукус, Хива шаҳарларига йўналиш ташкил этиш. Ёки Қозоғистоннинг Бейновидан – Мўйноқ, Нукус, Амударё, Хива, Бухорога йўналиш қилиш керак. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикасининг туманларида саноат зоналари ташкил этилди. Тез кунларда бу лойиҳани самарасини кўришдан умидвормиз.
Конференция якунида иккита меморандум имзоланди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА