ОНЛАЙН: Сувни тежаш орқали Оролга кўмак берамиз

Инглиз талаффузида ўзбек тили қандай жаранглашини тинглаб кўрганмисиз? Йўқ, бу жуда қизиқ бўлса керак дейсизми? Албатта, Орол муаммоси ҳақидаги бу нутқдан биз ҳам таъсирландик.
– Орол денгизининг қуриб қолиши нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё балки бутун дунёга таъсир этишини унутмаслигимиз керак, – дейди Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Мак Грегор.– Ана шуни ҳис қилган ҳолда биз бугунги тадбирда иштирок этишдан хурсандмиз. Эътиборли жиҳати Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар бизнинг ҳам мақсадларимизга мос тушмоқда. Зеро, бизда ҳам унда кўрсатиб ўтилган вазифалар борасида тегишли мажбуриятларимиз бор.
“Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро конференцияда яна бир қатор маърузалар тингланди. Хусусан, Халқаро сувни бошқариш институтининг Шри Ланкадаги бош раҳбари Херат Мантритилаке Оролни тўлдириш борасида ўзининг таклифини берди.
– Бизнинг фикримизча, Марказий Осиёда яхши имкониятлар бор. Ўзбекистоннинг бу борада ўзига хос ғоялари, қарашлари ва инновацион таклифларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада кўмаклашиш мақсадида биз ҳам Фарғона, Андижон ва Сурхондарё каби Амударё, Сирдарё бўйлаб жойлашган вилоятларда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усулларини татбиқ этиш лойиҳасини олиб боряпмиз. Мақсад сувни тежаш орқали Оролга кўпроқ сув етиб боришини таъминлаш. Шунингдек, аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш.
Конференция иштирокчилари Орол муаммоси жаҳон ҳамжамиятининг глобал масалаларидан бирига айланиб бораётганини тан олишди. Оролнинг қуриши кейинги 50 йилдан буён Марказий Осиё минтақаси учун кенг кўламли экологик ва ижтимоий салбий оқибатлар олиб келмоқда.
Бу борадаги оқибатларнинг олдини олиш, аҳолига кўмак бериш, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини асраб қолиш борасида ҳам қатор маърузалар тингланмоқда.

 

Сайёра Шоева, ЎзА