Тошкент вилоятидаги оромгоҳларга қорақалпоғистонлик 200, хоразмлик 450 ўғил-қиз кузатилди

Тошкент Жанубий вокзалида қорақалпоғистонлик 200, хоразмлик 450 ўғил-қиз тантанали кутиб олиниб, Тошкент вилоятининг Паркент ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги “Бойчечак” ҳамда “Меҳржон” оромгоҳларига кузатилди.

Бу йил ёзги мавсумда мамлакатимиздаги 1 минг 313 болалар оромгоҳида 300 мингдан ортиқ болалар мазмунли ҳордиқ чиқариб, соғломлаштирилади. Айни кунларда ҳудудлардаги барча оромгоҳлар махсус жадвал асосида ўғил-қизларни қабул қилмоқда.

– Ёзги таътилни “Бойчечак” оромгоҳида ўтказишимдан хурсандман, – дейди Нукус шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Элдорбек Назарбоев. – Янги дўстлар билан танишиб, вақтимизни мазмунли, эсда қоларли таассуротларга бой тарзда ўтказишга ишонамиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси маълумотига кўра, жорий йилда Тошкент вилоятидаги 19 стационар оромгоҳга 15 минг 722 нафар, Оролбўйидан келадиган 1 минг 760 нафар болалар, шунингдек, ўқув муассасаларида ташкил этилган кундузги дам олиш масканларига 17 минг 770 ўқувчи жалб этилади. Касб-ҳунар коллежларининг 700 нафар ўқувчилари учун 10 та «Меҳнат ва дам олиш» соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти ташкил этилган.

Таътилда болаларнинг мириқиб дам олиши учун қизиқарли маданий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилади. Таниқли ижодкорлар билан учрашувлар, турли танловлар ва табиат қўйнига саёҳатлар уюштирилади.

 

Абдулазиз Мусаев, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА