ОНЛАЙН: Ўзига хос санъат асарлари ҳаммани мафтун этмоқда

Мавжланиб турган Орол, унда балиқ овлаётган балиқчиларнинг шодон кайфияти… агар буни ўз кўзларим билан кўрмаганимда ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Жўшқин ҳаётнинг бу лавҳалари ақлингни шоширади. Менда “Орол балиқчилари” номли фильм ва Оролнинг ўтмиши, бугуни акс этган расмли асарлар катта таассурот қолдирди. Агар қўлимдан келганида Мўйноқ аҳолисига ўша бахтли кунларни қайтариб берардим. Айни вақтда Ўзбекистонда томчилатиб суғориш тизимини янада кучайтириб, сувни парланиб кетишини, самарасиз ишлатилишини олдини олиш керак.

Бу Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон Мак Грегорнинг дил сўзлари эди.

У ва кўплаб давлатлардан келган вакиллар Қорақалпоғистон Республикаси маданияти ва тарихи Мўйноқ филиали экология музейида бўлиб бу каби кўплаб ҳаяжонли фикрларни айтишди.

3.JPG

– Менга аёлларнинг мисдан ясалган тақинчоқлари жуда ёқади, – дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер. – Яна музейда миллий ҳунармандчилик асосида яратилган либосларни кўриш мумкин. Бу ерда “Қизил китоб”га киритилган кўплаб қушлар ва ҳайвонлар ҳам бор. Ташкилотимиз томонидан Мўйноқ ва Оролбўйидаги бошқа туманларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар аҳолини ижтимоий аҳволини яхшилаш, саломатлигини асраш, янги иш ўринлари яратиш ва қумликларда янтоқ, черкес каби ўсимликларниэкиш кабиларга йўналтирилган.

5.JPG

Мўйноқ Қорақалпоғистоннинг энг чекка тумани бўлиб, Қозоғистон билан чегарадош. Нукусдан 200 километр узоқликда жойлашган туман аҳолиси балиқчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Иқлими қишда қаттиқ совуқ, ёзда эса жазирама бўлиши билан бошқа ҳудудлардан фарқ қилади. Сув муаммоси ва ерларнинг шўрланиши туфайли аҳоли қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш имконига эга эмас.

Шу боис ҳам “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусидаги халқаро конференция қатнашчилари кўмагида аҳолининг яшаш шароитларини ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этиш мўлжалланмоқда.

20.JPG

Меҳмонлар Қорақалпоғистон Республикаси И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари билан танишдилар. 1966 йилда асос солинган бу музейда 100 мингга яқин ноёб экспонатлар сақланади. Уларнинг 50 мингга яқини 20-30 йилларда русум бўлган авангард йўналишда яратилган рус ва ўзбек рассомларининг энг сара асарлари. Шунингдек, бу ерда археологик топилмалар ва халқ амалий санъати бўлими ҳам бор экан.

Хорижлик меҳмонлар бу ерда дунёда ўхшаши бўлмаган, кўплаб ноёб буюмларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

 

Сайёра Шоева, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА