Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича кунлик ташланаётган маиший чиқиндиларнинг фақат учдан бир қисми қайта ишланади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Тошкентда ўтаётган Марказий Осиё халқаро экология форумида муҳокама қилинаётган масалалар ичида қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш мавзуси ҳам кун тартибида бўлиб турибди.

Форумнинг иккинчи кунида айни масала бўйича ўтказилган ялпи сессияларда хорижлик етакчи олимлар, мутахассислар қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқаришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ва эришилган тажрибалар борасида фикрлашди. Хусусан, Финляндия сув форуми лойиҳаси раҳбари Яков Дондишнинг маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш борасида ўз мамлакати тажрибаси ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

– Мамлакатимиз чиқиндиларни қайта ишлаш ва иккиламчи захиралардан фойдаланиш борасида яхши натижаларга эришган, – деди у. – Чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган компаниялар кўмагида биргина 2016 йилда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 42 фоизи иккиламчи хомашёга, 55 фоизи энергияга айлантирилди. Яна бир жиҳати, биздаги қоғоз, автошина, маҳсулотни қадоқлаш, автомобиллар, электроника товарлари чиқарувчи корхона ва компаниялар ўз маҳсулотлари чиқиндиларини йиғишга жавобгар ҳисобланади.

Швейцариялик географ Отто Симонеттнинг таъкидлашича, бугун дунё ҳамжамиятини ташвига солаётган чиқиндилар муаммоси миграция ва аҳоли сонининг ўсиб бориши, истеъмол эволюцияси, экологик саводсизлик каби омиллар ҳисобига янада чуқурлашмоқда. Яна унинг қайд этишича, Марказий Осиё давлатлари маиший чиқиндилар билан ишлаш борасида сезиларли ижобий натижаларга эришмоқда.

Тожикистонлик олим, “Тараққиёт учун ҳамкорлик” жамоат ташкилоти директори Қурбонали Партоевнинг фикрича, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда инфратузилма билан бирга технология танлаш масаласига масъулият билан ёндашиш лозим. Зеро, бу инсон саломатлиги ва табиат муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқ.

5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан минтақани барқарор ривожлантириш стратегиясини биргаликда шакллантириш, давлат, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва бизнес ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган Марказий Осиё халқаро экология форуми давом этади.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА